Линклар

Душанба кунги маҳкамада Pussy Riot панк-гуруҳи аъзолари айбларига иқрор бўлишмади, лекин Исо Масиҳ ибодатхонаси руҳонийларидан ўз таҳқиромуз ҳаракатлари учун кечирим сўрашди.

Москванинг Хамовнический судида Pussy Riot панк-гуруҳи аъзолари устидан маҳкама эшитувлари бошланди.

Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевич безориликда айбланмоқда.

Ғайриоддий чиқишлари билан Россияда ном қозонган Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳи 21 феврал куни Рус православ черковининг бош идораси саналмиш Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштирган ва “Худойим, Путинни ҳайда!” дея куйлашган эди.

Pussy Riot панк-гуруҳи аъзолари март ойидан буён ҳибсда ушлаб турилибди.

Уларга 7 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Душанба кунги маҳкамада Pussy Riot панк-гуруҳи аъзолари айбларига иқрор бўлишмади, лекин Исо Масиҳ ибодатхонаси руҳонийларидан ўз ҳаракатлари учун кечирим сўрашди.

- Панк-молебна жанрини черковга кўчиришимиз ахлоқий жиҳатдан хато бўлганини тан оламиз. Бу дин пешволари учун ҳақорат бўлишини ўйламаган эдик, дейилади Надежда Толоконникованинг баёнотида.



Айбланувчилар адвокати Виолета Волкова душанба кунги маҳкамада Екатерина Самуцевичнинг ҳам судга баёнотини ўқиб эшиттирди.

- Черков ўз ўғил-қизларини яхши кўради, деб ўйлагандим. Лекин черков фақат Путинга ишонадиганларни яхши кўрар экан, дейилган Самуцевич баёнотида.

Прокурор хулосасида Pussy Riot аъзолари ўз қилиқлари билан Рус православ черкови анъаналарини оёқ ости қилганликда айбланади ва суддан уларга 7 йиллик қамоқ жазоси бериш сўралади.

Маҳкама кунида Pussy Riot аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун Хамовнический суди биноси олдига етмишдан ортиқ фаол ва гуруҳ ишқибозлари йиғилди.

Улар "Pussy Riot қизларига озодлик!", каби шиорларни кўтариб туришди.

Халқаро Амнистия ташкилоти Pussy Riot панк-гуруҳи аъзоларини "виждон тутқунлари" деб эълон қилди.

Стинг ва Red Hot Chilli Peppers каби жаҳон эстрада юлдузлари ҳам ўз блогларида Pussy Riot қизларини озод этишга чақирганлар.
XS
SM
MD
LG