Линклар

logo-print

МТС ортидан Color IT Design банк рақамлари ҳам музлатилди


Ўзбекистон кўчаларидаги йирик реклама панноларининг аксари¸ Color IT Design ширкати маҳсулоти бўлган.

Ўзбекистон кўчаларидаги йирик реклама панноларининг аксари¸ Color IT Design ширкати маҳсулоти бўлган.

Икки ҳафталик текширувлардан сўнг Ўзбекистондаги энг йирик реклама компанияси Color IT Design Inc. нинг банкдаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилди¸ бу ширкат ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.


Бу ҳақдаги хабарни Озодлик мухбирига тасдиқлаган компания ходимига кўра, МТСнинг Олой бозори яқинидаги бош офиси билан битта бинода жойлашган Color IT Design реклама компаниясида бугунга келиб иш фаолияти тўхтатилган.

Ширкат ходимининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, компанияда бир неча ҳафтадан буён текширув кетаяпти, банк амалиётлари тўхтатиб қўйилган, шартномалар имзолаш, буюртма қабул қилиш ҳам тўхтатилган.

Текширув ҳали узоқ давом этишини тахмин қилган компания ходимига кўра, текширув ортидан Color IT Design ёпилиши мумкин.

Коммерсант.ру сайтининг ёзишича, Color IT Design компаниясини 2009 йилда МТС 39,7 миллион АҚШ долларига сотиб олган ва бу ширкат фаолиятининг тўхтатилиши МТС-Ўзбекистон фаолиятининг Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан обдон текширилаëтгани билан бевосита боғлиқ.

Айни пайтда¸ Color IT Design ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда компаниянинг алоҳида юридик шахс экани¸ аммо унда МТСнинг ҳам муайян улуши борлигини тасдиқлади.

Color IT Design реклама ҳажмининг деярли 85 фоизини МТС рекламасига ажратган бўлиб, айни пайтда Ўзбекистон кўча-кўйларидаги МТС рекламалари олиб ташлангани айтилмоқда.

Ҳозирда Color IT Design нинг бошқа мижозлари, жумладан, Nestle, Ucell, Beeline, Hydrolife каби компанияларнинг кўчалардаги рекламаларига ҳали дахл қилинмаган.

Компания ходимига кўра, ҳозирда ушбу ташкилотларнинг реклама конструкцияларига техник хизмат кўрсатиш имкони бўлмаяпти.

Ucell компаниясининг ўзини таништирмаган ходими Color IT Design хизматлари қониқарли бўлгани, агар у ёпилса, бугунги кунда янги реклама ширкати қидиришга тўғри келиши мумкинлиги айтди.

Ўзбекистондаги ташқи реклама бўйича энг катта реклама оператори бўлган Color IT Design 2006 йилнинг 16 мартидан буён мамлакатда фаолият кўрсатиб келаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб компаниянинг 1000 дан зиёд биллбордлари, 600дан ортиқ сити-форматлари, 13 та нур-диодли экранлари мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG