Линклар

АҚШ Давлат департаменти 30 июл куни эълон қилган янги ҳисоботда шундай хулосага келинган. Жаҳондаги диний эркинликлар вазиятига оид 2012 йилги ҳисоботни Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ўзи тақдим қилди.


Ўзбекистон хавфсизлик баҳонасида диний эркинликларни бўғмоқда

АҚШ Давлат департаменти 30 июл куни эълон қилган янги ҳисоботда шундай хулосага келинган.

2011 йил бўйи жаҳондаги диний эркинликлар исканжада қолишда давом этди ва кўплаб ҳукуматлар диний экстремизмга қарши кураш баҳонасида инсонларнинг фундаментал ҳаққи бўлган эътиқод эркинлигини бостириш сиëсатини давом эттирдилар¸ дейилади душанба куни Вашингтонда тақдим этилган АҚШ Давлат департаментининг дунëдаги диний эркинлик манзарасига оид янги ҳисоботида.

У ëки бу динга эркин эътирод қўйиш¸ ëхуд динларнинг бирортасига эътиқод қилмаслик¸ дунë ҳукуматларининг аксарияти кўнгилли тарзда тан олган диний эркинликларга оид халқаро ҳуқуқ заминини ташкил этади.

Аммо янги ҳисоботни тақдим этган Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг таъкидлашича¸ ҳукуматларнинг кўпчилиги ўз фуқароларининг айнан ана шу фундаментал ҳаққига энг кўп дахл қилмоқда ва 2011 йилда бу соҳада янада ортга силжиш кузатилган:

- Бугун диний эркинликларнинг жаҳон бўйлаб вазиятига қарасак ва бу эркинликлар кўлами кенгаймоқдами ëхуд тораймоқда¸ деган саволни ўртага қўйсак¸ бунинг жавоби одамни ҳушëр торттирмай қолмайди. Бугун бир миллиарддан ошиқ одам диний эркинликлар муттасил тарзда топталаëтган ҳукуматлар қўл остида яшамоқда. Шу боис¸ диний эркинликлар муаммосига эътибор қаратишимиз ўта муҳимдир¸ деди янги ҳисоботни тақдим этган Клинтон хоним.

Ҳисоботда қайд этилишича¸ шаккоклик¸ муртадлик ва диний туйғуларни ҳақоратлаш каби баҳоналар воситасида ҳукуматлар диний эркинликларни чеклаш амалиëтини давом эттирмоқда.

Хитой¸ Эрон¸ Шимолий Корея ва Саудий Арабистони дунëда диний эркинликларни муттасил топтаб келаëтган давлатлар сирасига киритилган бўлса¸ Вашингтон иттифоқчилари бўлиб келган Афғонистон ва Покистонда ҳам айнан шу соҳада жиддий муаммолар борлиги эътироф этилади.

Айни шундай¸ АҚШнинг Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича яқин иттифоқчисига айланган Ўзбекистон ҳукумати ҳам¸ хавфсизликни ҳимоя қилиш баҳонасида ўз аҳолиси диний ҳақларини поймол қилаëтганликда айбланган.

АҚШ Давлат департаментининг Халқаро диний эркинликлар бўйича махсус элчиси Сюзан Жонсон-Кук ҳисобот тақдимоти маросимида Россия ва Ўзбекистонни айни шу сирада тилга олди:

- Россия ва Ўзбекистон тинч диний гуруҳлар ҳақларини чеклаш учун миллий хавфсизликни баҳона қилиб келтирмоқда. Марказий Осиëдаги қатор ҳукуматлар диний гуруҳлар учун қонуний рўйхатдан ўтишни ўта қийин қилиб қўйгани боис¸ жуда кўп гуруҳлар расмий рухсатсиз фаолият юрғизишга мажбур. Бу эса уларни давлат молиявий ëрдами ва ўз мулкига эга бўлиш ҳаққидан ҳам маҳрум қилади¸ деди АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги диний эркинликлар бўйича янги ҳисоботи тақдимот маросимида Жонсон-Кук.

Бу йилги ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда бир йил мобайнида расмийларнинг диний эркинликларга муносабати ўзгармаган. Бу мамлакатда расмийлар назарида фаолияти экстремистик дея баҳоланган диндорларни ҳибсга олиш, қийнаш, калтаклаш амалиёти ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистонда диний гуруҳлардан мажбурий равишда қайддан ўтиш талаб қилинади, мамлакат қонунлари бировни ўз динига мойил қилиб ўтказишни (прозелитизм) таъқиқлайди, лицензияси бўлмаган ҳолда диний материалларни чоп қилиш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатишни маън қилади. Диний озчилик вакилларининг аксарияти рўйхатга олиш бўйича қатъий талабларга тўла жавоб бериши қийин. Айрим пайтларда, ҳисоботда ёзилишича, диний гуруҳлар аъзолари дин тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун йирик миқдорда жаримага солиниши ва ҳатто қамалиши мумкин. “Ўзбекистон қонунлари диний жамоатларга сиёсий партиялар ва жамоатчилик ҳаракатларини ташкил этиш, шунингдек, хусусий йўсинда диний таълим берилишини манъ қилади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида диний асосдаги тоқатсизлик ўтган йили бутун дунё бўйлаб муҳим муаммолардан бири бўлиб қолгани ҳам урғуланган. Унда Баҳрайн, Ироқ ва Россия ҳукуматларининг диний эркинликлар бўйича амалга оширган ишлари танқид қилинган.

Ҳисоботда Хитой, Эрон, Шимолий Корея ва Саудия Арабистони виждон эркинлиги тамойилини мунтазам равишда бузиб келаётган мамлакатлар қатори саналган.

Ҳужжатда бутун дунё бўйлаб антисемитизм кайфияти ва турли диний озчиликлар вакиллари, хусусан, аҳмадийлар, баҳоийлар, буддавийлар ва мусулмон уйғурларга нисбатан тоқатсизлик даражаси ўсгани қайд этилади.

АҚШ Давлат департаментининг 2010 йил учун чиқарган ҳисоботида ҳам Ўзбекистон “алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” қаторига киритилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG