Линклар

logo-print

Муҳожир рус тили имтиҳонини компютерда топширади


Рус тилидан имтиҳон топшириш хонаси.

Рус тилидан имтиҳон топшириш хонаси.

Санкт-Петербургда электрон тест топширишга мўлжалланган илк синфхона очилди. Бу синфхонада хизмат соҳасида ишловчи меҳнат муҳожирлари рус тили имтиҳонлари топшира бошлади.


Муҳожирлар имтиҳонни компютерда топширади

Душанба куни Петербургда муҳожирларнинг рус тили даражасини аниқлашга мўлжалланган компютерлашган синфхона ишга тушди. Бу синфхона Федерал миграция хизмати ва Санкт-Петербург давлат университети мутахассислари ҳамкорлигида иш бошлади.

Мазкур синфхонадаги 12 дона компютерда Ягона миграция марказига ишга рухсатнома олиш учун мурожаат қилган муҳожирлардан рус тили имтиҳони олинмоқда.

Онлайн тест атиги 40 дақиқача давом этиб, жавоб бериш учун компютернинг сенсорли экранида акс этган зарурий тугмача бармоқ билан босилади, дейди имтиҳонлар услубий таъминоти ва тест саволларини ишлаб чиққан Санкт-Петербургдаги Рус тили ва маданияти институти Тест маркази директори муовини Татьяна Нестерова.

- Ҳозирча бу бошланғич босқичдаги лойиҳа. У атиги иккинчи кун синалмоқда. Шу сабабли¸ кейинчалик услубий ўзгаришлар жорий қилиниши аниқ. Агарда рус тили тўғрисидаги қонун қабул қилинса¸ келаси йилнинг январ ойидан мигрантларнинг айрим тоифалари¸ албатта¸ рус тилидан сертификат олишлари зарур. Ишга рухсатнома олгани келган хориж фуқаролари ФМС бўлинмалари томонидан шу марказга юборилади, дейди Озодлик билан суҳбатда Тест маркази раҳбари Татьяна Нестерова.

Нестерованинг айтишича, тест имтиҳонлари ўқиш, суҳбат ва рус тили қоидаларига бағишланган уч блокдан иборат ва бир кунда компютерлашган синфхонада 100 киши имтиҳон топшириши мумкин.

Муҳожирнинг рус тилини билиши ҳозирча мажбурий эмаслигини таъкидлаган Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский¸ шундай бўлса-да¸ бундай тестдан ўтганлик тўғрисидаги сертификат мигрантнинг у ёки бу ишга қабул қилинишига имкониятларини оширади, деган фикрда.

“Рус тилини билиш талаби маиший хизмат, савдо ва уй-жой – коммунал хўжалик соҳаларида ишлашни режалаштираётган хориж фуқароларига қўйилади”, дейди Ромодановский.

- Биз қурилишда ишлаётганларни тестдан ўтказмоқчи эмасмиз. Биз аҳолимиз билан бевосита мулоқотда бўлганларни имтиҳон қилиш ниятидамиз. Сен “Менинг батареям ишламаяпти” десангу, у бўлса ваннахонадаги сув қувурини суғуришни бошласа... Шунақаси ҳам бўлиб туради! деди журналистлар олдида чиқиш қилган ФМС раҳбари.

Санкт-Петербургдаги Тест марказидан олинган маълумотга кўра¸ биринчи имтиҳон куниёқ унда қатнашган 20 фоиз муҳожир уни топшира олмаган. Мутахассислар Россияга келаётган меҳнат муҳожирларининг айнан 20 фоизи рус тилини мутлақо билмаслигини таъкидламоқда.

Агарда жорий йил кузида Рус тили ҳақидаги қонун кейинги муҳокамалардан ўтиб қабул қилинса, бундай компютерлашган марказлар Россиянинг барча минтақаларида очилиши кўзда тутилган, дейди Россия Миграция хизмати расмийси Залина Корнилова.

- Қонун қабул қилинса¸ биз ишонамизки у қабул қилинади¸ сертификатни олиш юқорида айтилган муҳожирлар учун мажбурий бўлади ва бу сертификат ишлашга рухсат беради. Тилни билиш талаблари нафақат Россия, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам жорий қилинган, дейди Озодлик мухбирига ФМС матбуот маркази раҳбари Залина Корнилова.

“Китоб ўқиганимиз каллага кирмаяпти!”

Россия Давлат Думаси меҳнат муҳожирлари учун рус тили имтиҳонини мажбурийлаштиришга оид қонун лойиҳасини муҳокама қилаëтган ҳозирги даврда Россия фуқаролигини олиш ниятида бўлган шахслардан рус тилидан имтиҳон топшириш талаб этилади.

Петербургдаги қурилишлардан бирида ишловчи 22 ёшли жиззахлик Жамшид Россия фуқаролиги олиш ниятида юрган минглаб ўзбекистонликлардан бири:

- Рус тилини ўрганиш қийин бўлaяпти, ака. Тирикчилик, лекин ўрганиш керак, ҳаракат қилaяпмиз. Барибир, ўзбек одамга қийинда: вақтида ўқимаган, тўп тепган, дарсга кирмаган.. Мактабда ўқиганмиз, лекин унчалик эмас, масалан, 100 фоиздан 10 фоизини биламиз.

Ўзбекистонда иш бўлмаганидан кейин Россияга келиб ишлайсизда, бошқа иложингиз ҳам йўқда. Орамизда иккитаси билса, тўрттаси билмайди. Улар ҳам ярим тилга гаплашади. Рус тини билиш асқотади. Ўзимизда ҳам руслашиб кетяпти ҳаммаёқ. “Таши, кўм, ковла”, дейди, билиш керакку. Бепулга бўлса мен ҳам ўқирдим. Пуллик бўлса рўзғор боқишим керак ман, ака. 3-4 ойдан бери ойлик олмаганман, дейди рус тилини ўргaниш заруратини ўз танасида ҳис этиб яшаëтган Жамшид.

Россиянинг турли минтақаларида рус тилини ўргатиш бепул курслари ташкил этилмоқда. Ҳозирда Қирғизистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари рус тилидан имтиҳонларни ўз юртларида топшириш имкониятига ҳам эга.

Санкт-Петербург бўйича Миграция хизмати бошқармаси “шимолий пойтахтда” муҳожирлар сонининг кескин ошиб бораётганини маълум қилмоқда. Бошқармадан олинган маълумотга кўра, 2012 йилнинг биринчи ярмида Петербург ва Ленинград вилоятида 73 380 Ўзбекистон фуқаросига ишга рухсатнома берилган.

Норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ Петербургдаги ўзбекистонликлар сони ярим миллиондан бир миллионгача бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG