Линклар

logo-print

Олий ўқув юртларига киришда Қозоғистон ва Қирғизистонда коррупция деярли йўқ. Турманистонда ўқишга кириш учун катта миқдорда пора бериш керак. Тожикистонда ҳам униси¸ ҳам буниси. Ўзбекистонда эса...


Марказий Осиё мамлакатларида бундан 20 йил муқаддам олий ўқув юртларига қабул қилиш бир хил эди: 1 августдан бошлаб абитуриентлар бирин-кетин тўртта имтиҳон топширар, кейин Мандат комиссиясининг қарори чиқар ва имтиҳонлардан йиқилмаган абитуриент талаба бўлган-бўлмаганини 25 августларга бориб ўша қарордан билар эди.

Мустақилликка эришганидан сўнг минтақадаги баъзи мамлакатлар қабул тизимини кескин ислоҳот қилди, баъзилари бу тизимга жузъий ўзгартишлар киритдию моҳият ўзгармади.

Туркманистон – кейингиларидан.

“Туркманистонда ўқишга кириш учун $30 000 гача пора бериш керак”

Масалани яқиндан ўрганиб қатор тадқиқотлар ўтказган муҳожиратда яшовчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фарид Тухбатуллиннинг айтишича, Туркманистонда олий ўқув юртларига қабул қилиш имтиҳонлари шу кунда “суҳбат” ёки “синов”, деб номланса ҳам амалда тартиб ўзгаришсиз қолган.

- “Суҳбат” ёки “синов”, деб аталадиган кириш имтиҳонлари августда ўтказилади ва абитуриент танлаган ихтисосидан келиб чиқиб уч ёки тўртта суҳбатдан ўтади.

Синовлар тугагач имтиҳон комиссияси абитуриентни талабаликка қабул қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Олий ўқув юртларига қабул қилишнинг жорий тартиби, тадқиқотчи фикрича, коррупцияни урчитадиган шароитдир. Халқаро муносабатлар институти, Тиббиёт институти каби “бозори чаққон” ўқув юртларига кириш учун, 20 минг доллардан 30 минг долларгача пора бериш керак, деди Фарид Тухбатуллин.

“Тожикистонда билимли абитуриент ҳам баъзида ўқишга кириб қолади”

Хўжанд давлат университети ўқитувчиси Мунаввара Ойматованинг айтишича, ҳар йили кириш имтиҳонлари 1 августда бошланар эди.

Бироқ бу йил у ишлайдиган ўқув юртида имтиҳон кунлари 10 августгача аниқ бўлади.

Бунга ўқув юртига етарли миқдорда абитуриент келмагани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Лекин бу суҳбатдошимизнинг тахмини¸ холос.

Кириш имтиҳонлари эса, мана бундай тартибда ўтади.

- Бу факултетлар, ихтисосликлар, мутахассисликларга боғлиқ. Баъзи факултетларда давлат тилида диктант топширилади. Баъзи факултетларда давлат тилида иншо ҳам олинади. Бир кунда эмас ҳаммаси. Масалан¸ диктант бир кун олинади, иншо бир кун олинади. Тест 3 ëки 4 блокдан иборат бўлса, бир кунда олинади.

Озодлик: Демак, абитуриент иккита имтиҳондан ўтарканда.

- Ҳа, шунга ўхшаш.

Озодлик: Ундан кейин Мандат комиссияси бўладими?

- Албатта.

Озодлик: Мандат комиссияси абитуриентнинг талаба бўлган ëки бўлмаганлигини айтади.

- Албатта, дейди Мунаввара Ойматова.

Тожикистон олий ўқув юртларига кириш жараёнида коррупция масаласида Мунаввара Ойматова билан мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтди.

Озодлик: Иккинчи асосий савол коррупция масаласи. Шунга барҳам берилганми?

- Билмадим. Мен бунақа ишларга аралашмайман. Пул бор жойда¸ албатта¸ коррупция бўлади. У тугамайди. Дунëнинг абадий қўшиғи каби айланаверади.

Озодлик: Бу масалада пул борми йўқми?

- Порахўрлик бор бўлгандан кейин¸ албатта¸ бу масала бўлади. Порахўрлик бор барибир. Биз истаймизми¸ истамаймизми¸ жамиятни 100 фоиз соғломлаштириш қийин. Шундай бўлгандан кейин бу¸ албатта¸ бўлади.

Озодлик: Демак, Тожикистонда олий ўқув юртига кириш жараëнида пул аралашади.

- Энди, сўзсиз, бир нарса дея олмайман, лекин билимли талаба ҳам кириб қолади. Мен ўзим ўқитган талабалар орасида билимли, ўзининг кучи билан кирган, қийналиб шартнома пулини тўлаб ўқиган талабалар бор, дейди Хўжанд давлат университети ўқитувчиси Мунаввара Ойматова.


“Қозоғистонда ўқишга кириш учун пора беришга ҳожат қолмаган”

Бу гапни Остона шаҳридаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаевдан эшитдик.

- Қозоғистондаги мактабни битирувчилар фақат битта имтиҳон топширади. ЕНТ - Единий националний тестирование дейилади. Шу тестда олган балли, у жуда содда. Тўртта фандан бўлади. 25 та саволдан 100 балл. Шу 100 баллдан 50 баллдан юқори балл олгани олий ўқув юртларига хоҳлаганига Олмаотага, Остонага бориб шу мутахассислиги бор олий ўқув юртига кириб кетавериши мумкин, дейди Сапарбой Жубаев.

Домла Жубаевнинг айтганларини деталларга тўхталмай шу жойда узмоқчимиз.

Асосий янгилик шуки, Қозоғистонда кириш имтиҳонлари йўқ.

Ўқувчи мактабни битираётиб¸ Умумий Миллий Синов доирасида имтиҳон топширади ва ўшанда тўплаган баллари тўғрисидаги ҳужжати билан бир вақтнинг ўзида бир неча ўқув юртига ҳужжат топшириши ва кейин улардан бирини танлаши мумкин.

Сапарбой Жубаевнинг айтишича, соҳада ўтказилган туб ислоҳотлар туфайли коррупцияга барҳам берилган.

- Қозоғистонда олий ўқув юртига кираман¸ деган одам пул бераман, таниш қидираман¸ деган фикр умуман йўқ ҳозир. 2004 йилдан бери 8 йилдирки, фақат ўзининг билимига, яхши ўқийдиган одамларни текинга ўқишга. Шу энг афзаллиги,
деди Остона шаҳридаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев.


Қирғизистонда Қозоғистондагига ўхшаш вазият

Бу фикрга доцент Сапарбой Жубаев билан суҳбатдан сўнг Қирғизистон Миллий университети собиқ ректори Аалибек Акунов билан гаплашгач келдик.

Жаноб Акуновга кўра, Қирғизистонда кириш имтиҳонлари бекор қилинган.

Мактаблар битирувчилари Умумреспублика тести (русчаси ОРТ) топширади. Олий ўқув юртларига қабул ҳар йили май-июн ойларида ўтказиладиган ана ўша Умумреспублика тести натижаларига асосан ўтказилади.

Қирғизча тестнинг ҳам деталларига тўхталмасдан Аалибек Акуновга бугун бизни қизиқтирган иккинчи асосий саволимизни бердик.

Коррупция нима бўлди, коррупция?

- Совет даврида ёки мустақилликнинг дастлабки йилларида мавжуд бўлган коррупция ўқишга қабул қилиш босқичида йўқ. Чунки пора беришга ҳожат қолмади, деди Қирғизистон Миллий университети собиқ ректори Аалибек Акунов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG