Линклар

Алексей Навалний 10 йилга қамалиши мумкин


Россия мухолифати лидерларидан бири Алексей Навалний.

Россия мухолифати лидерларидан бири Алексей Навалний.

31 июл куни Россия Тергов қўмитаси мухолифатчи блоггерга нисбатан бошқаларнинг катта миқдордаги мулкини ўзлаштирганлик айбини эълон қилинди.



Хабарларга кўра, Алексей Навалнийдан шаҳардан чиқмаслик ҳақида тилхат олинган.

Тергов даъвосича, Навалний 2009 йилда Киров вилояти губернаторига маслаҳатчи бўлиб ишлаган пайтда “Кировлес” ширкатини фойдали бўлмаган қарор қабул қилишга мажбурлагани оқибатида катта зарар кўрилган.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари жорий йилнинг 5 июлида идора коллегиясида бу масалага алоҳида тўхталиб, шундай деган эди:

- Сизларда Навалний деган бир одам бор экан. Нега раҳбариятни хабардор қилмасдан жиноий ишни тўхтатдингиз? Бутун мамлакат гапиряпти, мулоқот чоп этилган, сизлар эса манграшдан бошқага ярамайсиз... Сизларда бу одамга нисбатан жиноий иш бор эди ва сизлар уни зимдан тўхтатиб қўйдиларинг! Бундай ишларга аяб ўтирмаймиз! деб бақирди коллегия аъзоларига Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин.

Минтақа тергов органлари ушбу воқеа юзасидан олиб борган текширув натижасида Навалний ҳатти-ҳаракатларида жиноят борлигини аниқламаган эди.

Бироқ май ойида Тергов қўмитаси мазкур жиноий ишни тўхтатиш ҳақидаги қарорни бекор қилган.

Навалний ўз аризаси бўйича суд қарор чиқармагунича, барча тергов ҳаракатлари, жумладан, ўзига қўйилаётган айбловларни ҳам ноқонуний деб ҳисоблашини таъкидламоқда.

Навалнийнинг қайта жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисидаги миш-мишлар блоггер ўтган ҳафта Тергов қўмитаси идорасига чақиртирилганда пайдо бўлди.



Блогер Навалнийнинг жиноий жавобгарликка тортилиши Тергов қўмитаси раҳбарининг қонунга хилоф равишда Чехияда доимий яшашга рухсатномаси борлиги ва бу мамлакатда бизнес юритаётгани тўғрисидаги хабарлар ортидан юз бермоқда.

Бу фактларни жамоатчиликка ошкор этиб¸ Бастрикиннинг ноқонуний фаолияти юзасидан Бош прокуратура ва Президент аппаратига юборилган сўровнома муаллифи айнан Алексей Навалний экани айтилмоқда.

Россия мухолифати раҳбарлари Тергов қўмитаси раҳбари билан зиддиятга киришгач¸ Навалнийга нисбатан ëпилган жиноий ишнинг қайта очилишини кескин қоралади.

“Сўл фронт” мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов Алексей Навалнийга эълон қилинган айбловни “сиёсий буюртма” деб атади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи мустақил Москва Ҳелсинки гуруҳи вакили Людмила Алексеева Навалнийга қўйилган айбловларни “мухолифатга қарши янги репрессия кампаниясининг бошланиши” дея атади.

Ўтган йил декабр ойидаги сайловга қарши намойишлар ўтказишда ёрдам берган Алексей Навалний Владимир Путиннинг учинчи муддатга президент бўлганини кескин танқид қилиб келган мухолифат аъзоларидан биридир.
XS
SM
MD
LG