Линклар

Бозорни суратга олган мухбир 7 соат сўроқ қилинди


Сид Янишевни 7 соат сўроққа тутишга асос бўлган суратлардан бири шу.

Сид Янишевни 7 соат сўроққа тутишга асос бўлган суратлардан бири шу.

30 июл куни Тошкентнинг "Аския" бозорида ўзбекистонлик икки мустақил журналист – Сид Янишев тахаллуси билан ишловчи Саид Абдураҳмонов ҳамда Павел Кравец милиция томонидан ушланиб¸ Ички ишлар бўлимида сўроқ қилинди.


Озодлик мухбири билан суҳбатда Сид Янишевнинг айтишича, у 30 июл куни ҳамкасби Павел Кравец билан Яккасарой туманидаги “Аския” бозорига суратга олиш учун борган.

Унинг айтишича, шу кунда ҳар бир бозорда:

- Аҳолига хизмат кўрсатиш штаби ташкил қилинган. Штаб битта стол, унинг атрофида бир неча стул ва стол олдида ўтирган амалдордан иборат. Амалдор ҳоким ўринбосари бўлиши мумкин, дейди журналист.

Унинг айтишича, бозорда юрган харидорлар штабга келиб, сотувчилар устидан арзини айтиши, шикоятини билдириши мумкин.

Фотожурналист ўша стол устидаги “Штаб” деган ёзувни суратга туширмоқчи бўлади.

- Суратга торта бошлашим биланоқ мени ушлаб олишди. Аввалига ҳоким ўринбосари ушлади. Исмини билмайман. Кейин жуда кўп милиция ходимлари югуриб келишди, дейди Сид.

Журналистлар милиция ходимларига ўз ҳуқуқлари тўғрисида, қўлга олинишлари қонунга хилоф эканлиги тўғрисида айтганлар. Лекин милиция ходимлари уларга қулоқ солмаган.

- Анча вақт ўтганидан сўнг Яккасарой туман Ички ишлар бўлимидан бир ходим келдида, яна сўроқ қила бошлади, дейди Сид.

Шундан сўнг журналистларни Яккасарой туман Ички ишлар бўлимига олиб боришган ва сўроқ ана шу идорада давом этган.

- Сўроқ ўтказувчилар ҳар соатда алмашиб турди. Масалан, мана бу тухумларни нима учун суратга олдинг, ким учун олдинг, бу суратлар учун сенга ким пул тўлайди ва ҳоказо саволлар билан узоқ муддат ушлаб ўтиришди, дейди журналист.

Иккала журналистни 30 июл куни 7 соат сўроқ қилишди.

Сид Янишевнинг айтишича, бундан масалан, уч йил олдин ҳам бозорларда суратга тушириш мумкин эди.

- Сўнгги бир йил ичида суратга олаётганларни ушлаб сўроқ қилиш одат бўлиб қолди, деди Сид Янишев.

Иккала журналист¸ ўзбек милиционерларига 7 соат тушунтириш берганидан сўнг¸ қўйиб юборилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG