Линклар

logo-print

Тест бошланди, SMS ўчди


Бу йил Ўзбекистондаги "тестхона"лар ён-атрофи ўтган йилдагидан ҳам гавжумроқ.

Бу йил Ўзбекистондаги "тестхона"лар ён-атрофи ўтган йилдагидан ҳам гавжумроқ.

Бугун Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари ўз мижозларига тушгача SMS, MMS ҳамда Интернет хизматлари кўрсата олмайди, бироқ бу МТС атрофидаги можаролар билан боғлиқ эмас.

1 август куни Ўзбекистондаги 57 олий ўқув юртида кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда. Бу йил мамлакат олийгоҳларига 432 мингдан зиёд абитуриент топширган бўлиб, у ўтган йилдагига қараганда 3 фоизга кўпдир.

Айни пайтда ҳозирда институт ва университетларда ўқиш учун ажратилган ҳар бир ўринга ўртача 7,7 киши даъво қилаётгани айтилмоқда. Бироқ ҳамма олийгоҳга ҳам талаб бирдай эмас. Дейлик 1931 киши ҳужжат топширган Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида битта ўринга 21,46 киши даъво қилаётган бўлса, Тошкент давлат консерваторияси, Миллий рақс ва хореография олий мактаби каби ўқув юртларида битта ўринга 2-3 кишидан тўғри келмоқда.

Бу орада ўзбек расмийлари тест синовлари чоғида кузатиладиган “ғирромликлар”ни минималлаштиришга уринаётган кўринади. Ўтган йили Озодликка сўзлаган абитуриентлар имтиҳон топшириладиган хоналарга етиб олиш учун уч-тўрт бора қаттиқ текширувдан ўтказилганига қарамай, тест топшириладиган хонада Х-вариант, телефон ва шпаргалка каби ёрдамчи воситалардан фойдаланиб, имтиҳон топширганлар кўп бўлганини айтганди.

- Масалан, тўртта телефон олишиб, ҳар бир эшикда биттадан бериб кетишди-да, ўзига битта қолди. Шундай қилиб, телефонни олиб киришди, деган эди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Шу важдан бўлса керак, Ўзбекистондаги йирик уяли алоқа операторлари бўлган Ucell ва Билайн 1 август куни соат 8.30 дан 13.30 гача мижозларга SMS, MMS, WAP ва GPRS хизматлари кўрсатилмаслиги ҳақида эълон қилди. Аввалроқ бу Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан 30 июл куни чиқарилган тегишли буйруқ асосида “абитуриентларнинг тестларни объективроқ топшириши учун” амалга оширилгани хабар қилинганди. Бироқ уяли алоқа операторларининг чекловлар тўғрисида берган изоҳида бу иш “телекоммуникация тармоқларида профилактика ишлари олиб борилаётгани сабабли” амалга оширилаётгани айтилган. Мазкур изоҳотда “овоз қўнғироқлари одатдаги режимда ишлаши” ҳам қайд этилган.

Бугунги тест синовларида абитуриентлар учта предмет бўйича 108 та саволга жавоб беришлари, тўғри жавобни эса ҳар бир савол остидаги тўрт вариантдан бирини танлаш орқали белгилашлари лозим бўлади.

2012-2013 ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртлари бакалавриатга 56 607 нафар (9340 нафари давлат гранти асосида, 37267 нафари эса), магистратурага эса 6300 нафар киши (1566 нафари давлат гранти асосида, 4734 нафари эса шартнома асосида) қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни 1992 йилдан бошлаб тест синови асосида амалга оширилаяпти.

Синов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG