Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

МТС: Охирги умид Каримовдан


"Ўздунробита"нинг Тошкентдаги бош офиси.
"Ўздунробита"нинг Тошкентдаги бош офиси.

МДҲ ҳудудидаги йирик уяли телефон оператори саналган МТС президенти Андрей Дубовсков "МТС-Ўзбекистон" шўъба корхонаси иш фаолиятини тиклашга ёрдам сўраб президент Ислом Каримовга мурожаат этди.

“Биз “Ўздунробита” атрофида юзага келган вазиятни ишончли вакилингиз билан зудликда муҳокама қилишга тайёрмиз ва Сизнинг ҳам Ўзбекистон Республикасида қонун устиворлигининг гаранти сифатида юзага келган можаронинг бартараф этилишидаги иштирокингизга умид қиламиз”, дейилади 31 июл куни Россия матбуотида эълон қилинган очиқ мактубда.

Жаноб Дубовсков, ўз мактубида агар "Ўздунробита" ширкати лицензияси ва фаолияти қайта тикланмаса, МТС бош идораси бундай қонунбузарликка нисбатан зарур ҳуқуқий амаллар қўллашга мажбур бўлишини айтган.

МТС ширкатининг Москвадаги бош идораси Жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Елена Кохановская¸ ширкат раҳбарияти Ўзбекистонга киритган сармояси ва ходимлари ҳаққини ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий имкониятларни ишга солишини айтади.

- Ҳозир биз даъво аризалари ҳозирлаяпмиз, лекин ширкат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тактикамизни очиқламаймиз. Ўзбекистонда барча юридик имкониятларни ишга солиб кўрдик, натижа бўлмади. Энди охирги умидимиз президент Каримовдан. Шу мақсадда Андрей (Дубовсков) Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, Конституция гаранти сифатида ёрдам қилишни сўради. Бу охирги умидимиз. Лекин биз миллиард доллардан ошиқ сармоямиз ва ходимларимизни ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланамиз¸ деди 1 август куни Озодлик мухбири боғланган Кохановская.

Бундан аввал Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукуматини МТС муаммосини қисқа фурсатда ҳал қилишга чақирган эди.

“Мазкур муаммо тобора кескин тус олмоқда, биргаликдаги ҳаракатларимиз билан ҳар икки томон учун мақбул қарорга келиш керак”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 30 июл кунги баёнотида жумладан.

Россия Ташқи ишлар вазири муовини Григорий Красин МТС муаммосини Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев билан телефонда муҳокама қилган.

Россия томони Ўзбекистон ҳукуматидан МТС масалага қисқа муддатда аниқлик киритишни сўрамоқда.

Радик Даутов ҳибсдан озод этилди

Елена Кохановскаянинг айтишича, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари туфайли "Ўздунробита" ширкати муваққат бош директори Радик Даутов шартли равишда ҳибсдан озод этилган.

- Радик бугун мамлакатдан чиқиб кетмаслик шарти билан озод этилди. Лекин унга қўйилган айбловлар ҳали олиб ташланмаган, деди Кохановская.

“Ўздунробита” ширкати муваққат бош директори Радик Даутовнинг рафиқаси Тамара аввалроқ Россия фуқароси бўлган эрини Ўзбекистон қамоғидан озод этиш илтимоси билан президент Владимир Путинга мурожаат қилган эди.

"Ўздунробита" нинг бош директори Беҳзод Аҳмедов қочиб кетгач¸ июн охирларида ширкатга атиги тўрт кун директорлик қилган Даутов 27 июн куни Тошкентда ҳибсга олинган эди.

Даутов Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари томонидан “катта миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортганлик”, “лицензиясиз фаолият юритганлик”, “жиноий гуруҳ таркибида олинган даромадларни легаллаштиришга уринганлик”да айбланмоқда.

МТС Ўзбекистондаги мижозлари пулларини қайтармоқда

Айни пайтда МТС ширкати хизмат кўрсатиш лицензиясининг яна уч ойга тўхтатилиши муносабати билан абонентлари ҳисоб рақамларида қолган пулларини қайтариб олишлари мумкинлигини маълум қилди.

- Кечадан бошлаб биз мижозларга пулларини қайтриб беришни бошладик. Ҳисобида пули қолганлар офисларимизга паспортлари билан келиб пулларини олиб кетишлари мумкин. Халқаро жамоатчилик босими туфайли Ўзбекистондаги банк ҳисобларимиз очилди, деди Кохановская.

17 июл куни МТСга тегишли “Ўздунробита” ширкатининг Ўзбекистонда амал қилиш лицензияси 31 июлга қадар 10 иш кунига тўхтатилган эди. 30 июл куни Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги даъво аризаси асосида бу муддатни яна уч ойга узайтирди.

Шундан сўнг¸ МТС мижозлари ёппасига ширкатдан телефон хизмати учун тўлаган пулларини қайтариб беришни сўраб мурожаат қила бошлаган эди.

МТС расмий сайти орқали абонентларидан узр сўраб, уларнинг телефон рақамлари, уланган хизматлар, ҳисобидаги пул маблағлари компания фаолияти тўхтатилган даврда сақланиб қолишини билдирган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:46 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG