Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

"КХШТ Тожикистон ички ишларига аралашмайди"


КХШТ¸ тожик президенти Имомали Раҳмон расман сўров йўллаганидан сўнггина¸ Тожикистонга қўшин киритиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
КХШТ¸ тожик президенти Имомали Раҳмон расман сўров йўллаганидан сўнггина¸ Тожикистонга қўшин киритиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Шундай баëнот берган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбари Николай Бордюжа Тоғли Бадахшондаги можарони Тожикистоннинг ўз ички иши дея баҳолади.


“Тожикистонда бўлаётган ҳодисалар мамлакатнинг ички ҳаётига тааллуқли ва ҳар қандай вазиятда коллектив кучларнинг аралашувига муҳтож эмас”, деди сешанба куни Минскда журналистлар олдида қилган чиқишида КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа.

Беларус президенти Александр Лукашенко билан бўлган мулоқотдан кейин қилинган бу баёнот давомида Бордюжа “вазият ташкилотнинг қатъий назорати остида” экани ва “Тожикистон қуролли кучлари, ҳуқуқ-тартибот тизимларига моддий ёрдам кўрсатиш” масаласи муҳокама этилаётганини билдирди.

- Мен Тожикистон кучишлатар тизимлари лаёқати ҳамда Тоғли Бадахшонда юзага келган муаммолар ечимини топишга қодир эканини биламан, дея қўшимча қилди КХШТ Бош котиби.

Кузатувчилар¸ ҳозирча Помир масаласида бирор жиддий фикр билдирмай келаётган Бордюжанинг бу баëноти Беларус раҳбари Александр Лукашенко КХШТдан Тожикистондаги вазиятга аралашишни сўраганидан кейин янграганини таъкидламоқда.

Зотан Лукашенко Бордюжа билан бўлган юзма-юз учрашувда ундан Тожикистондаги можаро юзасидан постсовет ҳудудидаги бу ҳарбий блок муносабатини очиқлашни сўради:

- Энг аввало, мен ташкилотимиз аъзоси ҳисобланган Тожикистондаги вазиятга бўлган сизнинг муносабатингизни билмоқчиман. Билишимча, вазият жуда мураккаб. Президент Раҳмоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаати эътиборсиз қолдирилмаслиги зарур. Агарда биз нормал ташкилот бўлсак, бундай хавотирли даврда, албатта¸ қандайдир жавоб қайтаришимиз керак бўлади, деди Александр Лукашенко Бордюжага қарата.

Николай Бордюжа Марказий Осиё республикаларидан бирида яқин кунларда коллектив кучлар ҳарбий машқлари бошланиши, сентябр ойида эса Арманистонда Тезкор кучлар гуруҳи ҳарбий машғулотлари, шу йилнинг октябрида эса Қозоғистонда КХШТ ҳарбий қисмлари машқлари ўтказилишини айтди.

Минксдаги матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши Марказий Осиё учун салбий оқибатларга эга бўлиши мумкинлигини таъкидлаган Николай Бордюжа Тошкентнинг бу демарши ташкилот имиджи ва ахборот мавқеига путур етказганини эътироф қилди.

Россия Сиёсий тадқиқотлар, стратегия ва технологиялар маркази эксперти Василий Кашин Озодлик мухбири билан суҳбатда КХШТ ва Россия қўшинларининг Тоғли Бадахшондаги можарога аралашмаслиги сабабини Душанбедан шундай сўров бўлмагани билан изоҳлади:

- Тожикистондан ёки бевосита мамлакат президенти томонидан расмий мурожаат бўлмагунча ҳеч қандай қўшин киритилиши ҳақида гап юритишнинг ҳожати ҳам йўқ. Раҳмон ҳозирча вазиятни назорат қилаëтган кўринади ва менимча ортиқча қўшинни Помирга киритишга зарурат йўқ.

Бошқа томондан, ҳатто бундай илтимос қилинса ҳам, КХШТ қўшинларининг Помирга киритилиши мураккаб масала. Биринчидан, Қирғизистон воқеаларини эсланг: Отунбаева ҳукумати қўшин киритишни сўраганида Россия раҳбарияти бундай авантюрадан ўзини тийиб турди, чунки бундай жанжалга қўшилиш осон, аммо ундан оппоқ бўлиб чиқиб кетиш қийин. Иккинчидан, ҳозирги мураккаб сиёсий вазиятда ўзга мамлакатдаги янги маҳаллий жанжалга аралашиш бу сиёсий режимнинг аҳоли орасида кескин обрўсини тушириш деганидир, дейди сиёсатшунос Василий Кашин.

Россиялик бу сиëсатшунос таъкидича, КХШТ низомида фақат ташкилотга аъзо мамлакатга учинчи томондан бўлган ҳужум вазиятларида қуролли ёрдам кўрсатиш мумкинлиги белгиланган.

Сиёсий тадқиқот, стратегия ва технологиялар маркази эксперти Василий Кашин фикрича¸ Тоғли Бадахшон муаммоси ечими ҳарбий куч эмас¸ балки Тожикистондаги иқтисодий ва сиёсий вазиятнинг барқарорлашуви воситасида амалга оширилиши мумкин.

Айни пайтда, Озодлик мухбирининг Тоғли Бадахшондан олган маълумотига кўра, махсус операция давомида мазкур минтақага киритилган 2000 лик ҳарбий қўшиндан тоғликлар тўлиқ қуролсизлантирилмагунича 500 кишилик батальон қолдирилади.

Хоруғда озиқ-овқат тақчиллиги кузатилаётгани¸ айни пайтда Хитойдан Душанбега ўтадиган автомобил йўл очилгани ва минтақада барча давлат идоралари ишга тушгани хабар қилинмоқда.

Тожикистон президенти Раҳмоннинг расмий илтимоси билан Афғонистонда “террорчилик фаолияти ва наркотиклар контрабандаси”¸ Тожикистондаги жанггарилар билан алоқадорликда айбланаётган 10 нафар тожик офицеридан тўрт нафари қўлга олинган.

Афғон расмийлари ҳибс этилган шахсларнинг депортация учун аллақачон Кобулга олиб келинганини маълум қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG