Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:31

Эронни бомбалаш эҳтимоли сақланиб қолмоқда


АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан матбуот анжумани ўтказид. 1 август¸ 2012 йил
АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан матбуот анжумани ўтказид. 1 август¸ 2012 йил

Исроилга сафар қилаëтган АҚШ Мудофаа вазири Теҳрон режимини ядро қуролига эга бўлиш фикридан қайтариш учун барча имкон¸ жумладан ҳарбий амалиëт қўллаш эҳтимоли ҳам очиқ қолаëтганини таъкидлади.

Пентагон раҳбари Леон Панеттанинг бу баëноти унинг Ашкелондаги “Темир Гумбаз” деб номланган ракеталарга қарши мудофаа тизими билан танишуви пайтида янгради.

Панеттага ҳамроҳлик қилган Исроил Мудофаа вазири Эхуд Барак¸ нефт савдосига қарам Эрон иқтисодига нисбатан Ғарб санкцияларини кучайтириш Теҳронни ўз ядровий амбицияларидан қайтаришига деярли ишонмаслигини баëн қилди.

Исроил мудофаа объектига қилинган саëҳат арафасида Леон Панетта АҚШ ва Исроилни ниҳоятда кучли ришталар боғлаб тургани ва иккала давлат ҳам ўз хавфсизлигини мудофаа қилиш йўлида имконида бор усулларни ишга солажагини таъкидлади.

- Давлатларимиз ўртасида ниҳоятда кучли боғланиш бор. Бу нафақат дўстлик ришталари¸ балки хавфсизлик соҳасидаги яқинлик ҳамдир. Иккала давлат ҳам имкон даражасидаги энг кучли хавфсизликка эга бўлиш ва мамлакатларимизни мудофаа қилишда ҳеч нарсадан тап тортмаслик борасида якдилдир¸ деди Леон Панетта Тел-Авивда.

Панеттанинг Исроил раҳбарлари¸ хусусан Бош вазир Бенямин Нетаняҳу билан музокараларида асосан Эрон таҳдидига қандай жавоб қайтариш масаласи муҳокама этилмоқда.

Исроил Бош вазири билан сўзлашув арафасида¸ унда Эронга нисбатан қандай чоралар қўллаш масаласи тилга олинишини билдирса-да¸ АҚШ Мудофаа вазири¸ ўзининг Нетаняҳу билан Теҳронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳужум режасини муҳокама қилмаслигини таъкидлади.

Расмий Теҳрон йиллардан бери ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келаëтган бўлса-да¸ Ғарб давлатлари¸ айниқса Исроил бу дастур пировард мақсади ядро қуроли яратиш эканини иддао қилмоқда.

Исроил ядровий қуролга эга Исломий жумҳурият ўз борлиғи учун асосий таҳдидга айланишидан чўчимоқда. Теҳрондаги оятуллоҳлар режими 1979 йилдан бери Исроилни давлат сифатида тан олишдан бош тортиб келади.

Ҳозирча Обама ҳукумати Эронни ядровий қуролга эга бўлиш фикридан қайтаришнинг маъқул йўли сифатида иқтисодий ва молиявий санкцияларни танлаган.

Панеттанинг Исроил сафари арафасида АҚШ Эронга жорий этилган халқаро санкцияларни четлаб ўтишга ëрдам берган Хитой ва Ироқ банкларига нисбатан жазо чоралари қўллади.

Бундай ҳаракатга муносабат билдирган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод¸ Ғарб санкцияларини ëнилғига чанқоқ дунë бозоридан Эрон нефтини чиқариб ташлашга қаратилган сиëсий уруш дея баҳолади.

Ғарб матбуотига кўра¸ Эрон Марказий банки директори Маҳмуд Баҳманий¸ Теҳронга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар мамлакатга ҳарбий урушдан кам бўлмаган даражада зиëн еткизаëтганини эътироф этган.
XS
SM
MD
LG