Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

“МТС-Ўзбекистон” филиаллари раҳбарлари ҳам айбланмоқда


Ўзбекистон Бош прокуратураси “МТС-Ўзбекистон”нинг вилоятлардаги филиалларида кенг кўламли фирибгарлик ишлари амалга оширилганини иддао қилмоқда.

Бош прокуратура кеча тарқатган баёнотида, хусусан, “Ўздунробита”нинг (яъни “МТС-Ўзбекистон”) вилоятлардаги филиаллари мустақил юридик шахс бўлгани ҳолда “Алоҳида фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунни бузган ҳолда лицензиясиз ишлагани, аниқроғи, улар корхонанинг бош офисига берилган лицензия асосида ишлагани, ваҳоланки, қонунчиликка мувофиқ, бир юридик шахснинг бошқа бир юридик шахсга ўз лицензиясини бериб туришига йўл қўйилмаслиги урғуланади.

Прокуратура даъвосича, “Ўздунробита”нинг Самарқанд филиали раҳбари С. Раҳимов 2008-2011 йиллар мобайнида “бош офисдаги мансабдор шахслар билан тил бириктирган ҳолда, солиқ идораларига топшириладиган ҳисоботларни сохталаштириш йўли билан ходимларнинг бир қисмини махсус тузилган “Фаррух Алоқа Сервис” ва “Асат” фирмалари штатига киргизиб қўйиб, бу билан филиал ходимлари сонини сунъий равишда камайтирган” ва бу ишни Раҳимов, прокуратура версиясича, “кичик корхоналарга тақдим этиладиган имтиёзлардан ноқонуний равишда фойдаланиш мақсадида” амалга оширган. “Бунинг натижасида, - дейилади прокуратура баёнотида, - улар томонидан 34,6 миллиард сўмлик (расмий курс бўйича 18 миллион АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товланган”.

Баёнотда “Ўздунробита”нинг Самарқанд филиали текширилганда муассасада солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўйин тоблаш бўйича 64,5 миллиард сўм (расмий курс бўйича қарийб 34 миллион АҚШ доллари – таҳр.), лицензиясиз фаолият юритиш бўйича 55,1 миллиард сўмлик (расмий курс бўйича қарийб 29 миллион АҚШ доллари – таҳр.) зарар аниқлангани келтирилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур қонунбузарликлар бўйича филиал раҳбари Раҳимов 2012 йил 23 июлида Жиноят кодексининг бир неча моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор ўлароқ бу бўйича очилган жиноий ишга сиртдан жалб қилинганини, у халқаро қидирувга берилганини, ушланган жойида ҳибс этилажагини маълум қилади.

Бу каби ҳолатлар “Ўздунробита”нинг бошқа филиаллари фаолиятида ҳам аниқланганини билдирган Бош прокуратура бу ҳақдаги тафсилотларни очиқламайди.

Аввалроқ МТС матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская Озодлик билан суҳбатда прокуратура айбловларини “абсурд” деб атаганди.

1 август куни ёйинланган Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнотида “адвокатлар томонидан бир неча бор тақдим этилган илтимосномалар, шунингдек, Россия ТИВ ва РФнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаатномаларини кўриб чиқиш натижасида 2012 йил 1 августида айбланувчи - Россия Федерацияси фуқароси Р. Даутовга (ширкатнинг муваққат бош директори Радик Даутов назарда тутилмоқда – таҳр.) нисбатан” эҳтиёт чораси ўзгартирилгани айтилади. Бу билан прокуратура Радик Даутов ҳибсдан озод этилгани ҳақида кеча пайдо бўлган хабарни расман тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 17 июл куни МТСга тегишли “Ўздунробита” ширкатининг Ўзбекистонда амал қилиш лицензияси 31 июлга қадар 10 иш кунига тўхтатилган эди. 30 июл куни Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги даъво аризаси асосида бу муддатни яна уч ойга узайтирди. Шу кунгача Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари "Ўздунробита"нинг бир неча топ-менежерига, хусусан, ширкатга бир неча йил бош директорлик қилиб келган Беҳзод Аҳмедовга нисбатан айблов эълон қилган.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG