Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:43

Ҳукумат Қодиржон Ботиров мулкини мусодара қилади


Қирғизистон Бош прокуратураси расмий Бишкек томонидан Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган ўзбек лидери Қодиржон Ботировга қарашли 28 мулк объекти давлат ихтиёрига ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Нурлан Жээналиев мамлакат ичкарисида Қодиржон Ботировга тегишли мол-мулкни аниқлаш жараёни жуда қийинчилик билан олиб борилганини билдирди. Унга кўра, 2005 йилгача Қодиржон Ботировнинг номида бўлган мол-мулк, сўнгги йилларда бошқа одамлар номига расмийлаштирилган.

Бош прокурор ўринбосари берган маълумотдан келиб чиқадиган мантиқ шуки, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари расман бошқа одамларга тегишли бўлган мол-мулкни Қодиржон Ботировники эканини иддао қилмоқда. Нурлан Жээналиев прокуратура нуқтаи назарини мана бундай изоҳлади:

- Суд ижрочилари ва прокурорлар биргаликда ҳаракат қилиб, унинг (Ботировнинг-таҳририят) қайси ерда қандай мулки бўлганини ва бу мулк кимларнинг номига расмийлаштирилгани ёки кимга ўтиб кетганини аниқлаш юзасидан катта ишларни қилди. Бундан аввал Ботировнинг мулки давлат ихтиёрига ўтказилсин, деган қарор чиқарилган. Бироқ тасдиқланмай қолиб кетган. Шунинг учун ҳам Ботировга тегишли бўлиши мумкин мулкнинг кўпи аниқланмай қолган. Бугунги кунда барча мол-мулк аниқланиб, судга тақдим қилинди, -деди Нурлан Жээналиев.

Унга кўра, суд қарори чиқарилса, мазкур объектлар давлат ихтиёрига ўтади.

Қодиржон Ботировнинг мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш тўғрисида шу йилнинг 31 январида Жалолобод вилоят суди қарор чиқарган эди. Мазкур қарордан сўнг прокуратура Ботировнинг мол-мулкини аниқлаш ишларини бошлаган.

Хориж давлатларидан биридан бошпана топган Қодиржон Ботиров эса жорий йилнинг 3 февралида Озодлик радиосига берган суҳбатида ўзига тегишли мулк ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва жиноий гуруҳлар томонидан талон-тарож қилинаётганини айтган эди:

- Ботировнинг мол-мулклари мусодара қилинар экан, деб туриб, милициялар бош, СНБ бош, қўчада юрган криминал группалар ҳаммаси бир бўлиб, талон-тарожлик бошланди, -деган эди Қодиржон Ботиров.

Бироқ Қирғизистон Бош прокурори Нурлан Жээналиев мулк эгасининг бу баёнотини асоссиз деб ҳисоблади.

- Ҳозир Ботировнинг одамлари билан келишиб олиб, шахсий манфаатни кўзлаб бу каби ишларни қилиш мумкин эмас. Балки бу каби ҳолатлар аввалари бўлгандир, бундан хабарим йўқ, -деди Нурлан Жээналиев.

Бош прокуратура расмийси текширувлар натижасида Жалолободдаги “Халқлар дўстлиги” университети, “Ботир авиа” ширкатига тегишли Ил-76 ва ЯК-40 русумидаги тўртта учоқ, “Дўстлик” ҳиссадорлик жамияти, тиббий клиника, “Шафтолизор” бозори, икки минг бош қўй ва уч юз бош қорамол боқиладиган ферма Ботировнинг яқин қариндошлари номига расмийлаштирилгани аниқланганини айтди.

Қирғизистон парламенти депутати Тўқўн Мамитовнинг айтишича, Ботиров мулкларининг ўзгалар номига расмийлаштирилгани масаласи сентябр ойида парламентда муҳокама қилинади.

- Ботировга тегишли мол-мулк бошқа одамларнинг номларига расмийлаштирилгани аниқланди. Биз бу масалани ўрганиш учун ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига кўрсатма берганмиз. Ҳозир Ботировнинг мулкини маҳаллий ҳукумат раҳбарларидан кимиси ноқонуний тарзда ўзгалар номига расмийлаштиришга кўрсатма берганини аниқлаштиришимиз керак. Бунга юқоридаги раҳбарлардан ким аралашган? Мана шу масалани ўрганиб чиқиб, тегишли амалдорларни жазолашимиз керак. Бу масалани парламентда сентябр ойидан бошлаб ўрганамиз, -деди Тўқўн Мамитов.

Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган Қодиржон Ботиров Жалолобод шаҳар суди томонидан 2011 йилда сиртдан маҳкамага тортилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2012 йилнинг 31 январида Жалолобод вилоят суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG