Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:40

Қўйлиқ бозорида "қўл гўшти" сотиш тақиқланди


Бозор маъмурияти бу ҳолатни СЭС назоратидан ўтмасдан¸ санитария қоидаларига зид равишда сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг саломатлик учун хавфли эканлиги билан изоҳламоқда.

Қўйлиқ деҳқон бозорида сотувчилик қилаётган Абдурашиднинг айтишича, икки кундан бери бозорда махсус дўконлардан ташқарида гўшт сотиш тақиқланган:

- Қўйлиқ бозорида биз ҳам тирикчилик қиламиз. Бир-икки кун олдин гўштдан касаллик чиқди¸ деган гап тарқалиб қолди. СЭСни Дамас машиналари бор, ўшалар келди. Очиқда гўшт сотаётганларни ҳаммасини ёпиб ташлади. Фақат СЭСни печати босилган, бозор инспекцияси назоратидан ўтган гўштлар сотиляпти. Шунга гўшт бир оз тортилиб қолди. Бу эса гўшт нархининг бир оз кўтарилишига сабаб бўлди. 18 минг сўмдан олардик, ҳозир 19 минг сўмдан сотишяпти. Бизни постоянни оладиган жойимиз бор эди, расталарда. Ўшалар сотилмай қолди, дейди Абдурашид.

Қўйлиқ бозоридаги бу савдогарнинг айтишича, расталарда гўшт сотилишининг тақиқланиши мустақил равишда мол сўйиб гўшт сотадиган хусусий тадбиркорларда норозилик уйғотган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Алянси бозорда хусусий тадбиркорлар норозилиги милиция томонидан бостирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда¸ 2 август куни Қўйлиқ деҳқон бозори мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тадбиркорлар норозилик билдиргани ва гўштдан касаллик чиққани ҳақидаги хабарларни рад қилди. Бу мулозимнинг айтишича, ёзнинг иссиқ кунларида гўштни совутгичсиз очиқ жойда сотиш тақиқланган ва бозор маъмурияти шунга қарши тадбирлар ўтказган:

- Санитария қоидаларига жавоб бермаган гўшт маҳсулотларини очиқ жойда сотиш мумкин эмас. Биласизку¸ ерда сотилаётган маҳсулотлар қанақа бўлади. Бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотларини офтобда сотаётганлар бўлади. Ўшаларга қарши курашаяпмиз. Бундай тадбирлар ҳар куни ўтказилаяпти, дейди бозор мулозими.

Бу мулозимнинг айтишича, айни пайтда фермер хўжаликлари бозорда арзон нархда гўшт сотишни йўлга қўйганлар. Бу гўштлар ҳам бозор қошидаги СЭС назоратидан ўтказилгандан кейин сотувга чиқарилади.

Тошкент бозорларида гўшт ва гўшт маҳсулотлари одатда бозорлардаги махсус дўконлар совутгичларига қўйилган тарзда¸ шунингдек бозор расталарида олдиндан бўлакланиб¸ қоғозга ўралган ҳолда сотилади.

Озодлик суҳбатлашган аксар тошкентликларга кўра¸ нархи сал қиммат бўлса-да¸ мижозлар янги сўйилгани иддао қилинадиган "қўл гўшти"ни харид қилишни маъқул кўради.
XS
SM
MD
LG