Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:17

Путинга "виждон тутқунлари"ни эслатишди


2 август куни Британия Бош вазири ўз қароргоҳида Путинни қарши олди.
2 август куни Британия Бош вазири ўз қароргоҳида Путинни қарши олди.

Лондон шаҳар мэри Борис Жонсон 2 август куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви белгиланган Британия Бош вазири Дэвид Кэмерондан Москвада судланаётган Pussy Riot гуруҳи қизларини озод қилиш масаласини кўтаришни сўради.

Кэмерон Путин билан нима ҳақида суҳбатлашади?

2 август куни Россия президенти Владимир Путин Буюк Британияга ташриф буюрди. Дзюдо бўйича Олимпиаданинг финал ўйинларини томоша қилиш учун келган Россия президенти Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашади.

Сўнгги 9 йил давомида Путиннинг Англияга қилаëтган бу биринчи ташрифи катта сиёсий можарога сабаб бўлмоқда. 31 июл куни Лондондаги бир гуруҳ фаоллари дунё жамоатчилиги эътиборини Россиядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга қаратиш мақсадида норозилик намойиши уюштирди.

“Путинни тўхтатинг!” шиори остида йиғилган россиялик ва британияликлар Беларус президенти Лукашенко каби Владимир Путинга ҳам виза берилмаслиги ва унинг Лондонга киритилмаслигини талаб қилди.

Норозилик намойиши ташаббусчиси¸ “Баланд овозда гапиринг!” ҳаракати раҳбари Андрей Сиделниковнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ “акциянинг асосий мақсади – Россияда сиёсий маҳбуслар, жумладан Михаил Ходорковский ва Pussy Riot қизларининг озод этилиши талаби”дир:

- Бу биринчи навбатда, одамларнинг ўз фуқаролик позициясини билдириши, ўз юрти граждани бўла олиш имкониятини рўёбга чиқариши учун қилиняпти. Масалан, кимдир Pussy Riotни қоралайди, кимдир оқлайди – бу нормал ҳолат. Лекин бунинг барчаси қонун асосида бўлиши шарт. Мен буни тушунмаётган Путинга шу муждани етказмоқчи бўлдим, дейди жамоатчилик фаоли.

Россияликлар Олимпиада ўйинлари пайтида норозилик намойиши ўтказишади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00
Бевосита линк


Дзюдо бўйича ўйинларга чипта олиш учун навбатда турган Андрей Сиделников шаҳарликлар билан мулоқот қилиб турган Лондон мэри Борис Жонсонни кўриб қолган ва ундан Pussy Riot қизлари тутқунлиги масаласини Британия Бош вазири билан учрашувда кўтариш ва Путинга етказишни сўраган.

Ўзи ҳам рус қизларининг ноҳақ судланаётганини Сиделниковга гапирган Борис Жонсон¸ бу борада қўлидан келган ёрдамни кўрсатиши ва ҳукумат раҳбари билан буни¸ албатта¸ муҳокама қилишини айтган.

Айни пайтда, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, бир кунлик норасмий ташрифи давомида Владимир Путин Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон билан Суриядаги вазият, икки тарафлама сиёсий ва иқтисодий муносабатлар масалалари муҳокама этади.

Машҳур мусиқачилар ва сиёсатчилар Pussy Riot ҳимоясига отланди

Путиннинг Олимпиада ўйинларига келиши олдидан маҳаллий “Таймс” газетаси британиялик сиёсий ва жамоатчилик фаолларининг Путинга Россия турмаларида сақланаётган “виждон тутқунлари”ни озод этиш ҳақидаги мурожаатини чоп этди.

“Россиялик виждон тутқунларини озод қилиш вақти етди!” дея номланган ушбу мактубга¸ жумладан¸ Буюк Британиянинг икки нафар собиқ Ташқи ишлар вазири – Малколм Рифкинд ва Дэвид Милибэнд, парламент қошидаги Халқаро тараққиёт қўмитаси раиси Малколм Брюс, Article 19 Инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Агнес Каламард ва кинорежиссёр Терри Гиллиам қўл қўйди.

Мурожаатнома “Биз Владимир Путиннинг Лондон Олимпиадасига ташрифини қўллаб-қувватлаймиз¸ бу унинг президент этиб сайланганидан кейин қилинган биринчи ташрифи. Ишонамизки, Россияга қайтиб бориб у ўз ҳукми остида бўлган шошилинч муаммоларни ҳал этади,” деб бошланади.

Хат давомида британиялик сиёсатчилар Россия президенти қошидаги Инсон ҳақлари ва фуқаролик жамият ишлари Кенгаши томонидан тузилган 32 нафар маҳбусни озод қилишни сўради. Улар экспертлар хулосаларига таяниб¸ бу шахсларнинг ноқонуний судлангани ва судланаётганига Россия президенти эътиборини қаратган.

Айни пайтда¸ Pussy Riot гуруҳи ҳимоясига бир гуруҳ хориж ва россиялик машҳур поп ва рок мусиқачилар ҳимоячилари орасида рок мусиқачи Пит Таунсенд, Pulp гуруҳи раҳбари Джарвис Кокер, Franz Ferdinand гуруҳи солисти Алекс Капранос, Smiths гуруҳи гитаристи Джонни Мар, Pet Shop Boys гуруҳи иштирокчилари Корин Бэйли Рэй ва Нил Теннантлар бор.

Стинг қизлар устидан олиб борилаётган суд жараёнини “нафратли” дея баҳолади; Red Hot Chili Peppers солисти Энтони Киддис Москвадаги концертида Pussy Riot деб ёзилган майка билан чиқди; Pearl Jam гуруҳи собиқ солисти Эдди Веддер Лондонда бўлган концерти давомида рус қизлари ҳимоясига хат ўқиди.

Шунга қарамай¸ машҳур инглиз ҳуқуқшуноси, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳақлари бўйича йирик мутахассис профессор Билл Бойринг Озодлик билан суҳбатда Путин бу каби мурожаатларга қулоқ солмаслигини гапиради.

- Путин бундай мурожаатларни менсимаслигига ишонаман. Унинг қайта президент этиб сайланганидан кейинги амаллари шундай хулосага олиб келмоқда. У Медведев томонидан қабул қилинган қатор қонунларни бекор қилди, масалан, “туҳмат” ёки “хорижлик агентлар” тўғрисидаги моддалар. Бунинг устига уч нафар қиз устидан суд жараёнининг давом этаётгани. Ҳозирги кунда Россия учун Буюк Британия билан муносабатлар муҳим эмас, деб ҳисоблайман, дейди профессор Билл Бойринг.

Ғайриоддий чиқишлари билан Россияда ном қозонган Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳи 21 феврал куни Рус православ черковининг бош идораси саналмиш Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштирган ва “Худойим, Путинни ҳайда!” дея куйлашган эди.

Pussy Riot панк-гуруҳи аъзолари март ойидан буён ҳибсда ушлаб турилибди. Айбловчилар суддан панк-гуруҳи қизларига 7 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда.

Айни пайтда¸ Pussy Riot гуруҳи қизлари қилмишининг қамоқ жазосига тортмаслигини православ ва католик черковлари намояндали ҳам таъкидламоқда.

Ҳатто Рус Православ черкови расмий вакили ҳисобланган протоиерей Андрей Кураев “Новая газета”га берган интервюсида қизларни рус черкови душманига айлантирмасликка чақирди.

“Православ черковига оддий бандани душман деб эълон қилиш уни буюк Черковга тенглаштиришдир. Исо Масиҳ черкови мана шу учта аёлга қарши курашиш учун тузилганми? Бунақада ақлдан озиш ҳеч гап эмас!”, деди жумладан Рус православ черкови руҳонийси Кураев.
XS
SM
MD
LG