Линклар

Қамчиқ довонида цемент ортган юк машинаси ағдарилиб кетиши оқибатида 7 киши нобуд бўлди, ўндан ортиқ одам жароҳатланди. Озодлик манбаларига кўра¸ тепадан тушаëтган цементовознинг тормози ишламай қолиб, ағдарилиб кетган ва камида бешта енгил машинани босиб кетган.

Қамчиқ довонида рўй берган автоҳалокат ҳақида Озодликка Ангрендаги ўз ишончли манбаси хабар берди:

- Битта цементовоз ағдарилган. Ағдарилгандан кейин беш-олтита машинани ўзи билан бирга судраб олиб кетган. Воқеани ўз кўзи билан кўрган шофëрлар айтишди буни. Нечта одам ўлганини аниқ билмайман, лекин анча ўликларни устига бир нарсалар ёпиб қўйишган экан, дейишди кўрганлар, дейди ангренлик Озодлик манбаси.

Наманган вилояти Йўл ҳаракати бошқармасининг ўзини таништирмаган ходимининг Озодликк аайтишича, бу фалокат 30 июл куни маҳаллий вақт билан соат 14 да Поп тумани ҳудудида содир бўлган:

- Перевалдан Наманган томон тушиб келишда янги бетонка қилинган йўл бор, биласизми? Садоқат деган чойхона томон тушиб келишда, ана шу ерда бўлган бу воқеа. Цементовозга юк ортилган бўлган, яқин 20 тонналик цементовоз тормози ишламай қолганми ёки бошқа сабабми, ишқилиб ағдарилиб кетиб уч-тўртта енгил мошинани судраб пачақлаб кетган. Етти киши ўлган, яна 10 ортиқ одам жароҳатланган дейишяпти, дейди Наманган вилояти Йўл ҳаракати бошқармаси ходими.

Инспекторнинг айтишича, ҳозир бу воқеа тафсилотларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилган ва ҳалокат сабаблари комиссия текиширувидан сўнг эълон қилинади.

Қамчиқ довони Тошкент билан Фарғона водийсини боғловчи ягона автомобил йўл бўлиб, денгиз сатҳидан 2268 метр баландликда жойлашган.

2000 йилгача Фарғона водийсига қатнайдиган юк машиналари Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали юрган.

Ўзбекистон Тожикистон билан виза тартибини жорий қилганидан сўнг, юк машиналари Қамчиқ довони орқали қатнай бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 10 июлида "Қамчиқ довони орқали автомобил транспортида юк ташувларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, 25 йил ва ундан кўп муддатдан бери қўлланилаётган машиналарга шу йил 1 октябридан, 20 йил ва ундан кўп муддатдан бери қўлланилаётган машиналарга 2014 йилнинг 1 июлидан, 15 йил ва ундан кўп муддатдан бери қўлланилаётган машиналарга 2016 йилнинг 1 июлидан Қамчиқ орқали юк ташиш тақиқланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG