Линклар

logo-print

Туркман рефериси рингдан ҳайдалди


Озарбайжонлик боксчи М.Абдулҳамидов (ч), туркман рефериси Э.Меретниязов ва япониялик С.Шимизу.

Озарбайжонлик боксчи М.Абдулҳамидов (ч), туркман рефериси Э.Меретниязов ва япониялик С.Шимизу.

Бокс бўйича туркманистонлик рефери Эшонқули Меретниязов ўз вазифасини ёмон бажаргани ¸Ҳаваскор боксчилар халқаро уюшмасининг озарбайжонлик техниги Оғажон Абиев эса ташкилот низомини бир неча марта бузганлик учун Лондон Олимпиадасидан ҳайдалди.


1 август куни 56 килограммгача бўлган вазндаги чорак финал ўйинида япониялик боксчи Сатоши Шимизуга қарши рингга тушган озарбайжонлик Магомед Абдулҳамидов олти марта йиқилганига қарамай, туркманистонлик рефери Эшонқули Меретниязов ўйинни тўхтатмагани учун кескин танқидга учради.

Меретниязов озарбайжонлик боксчи ўзига келиб олиши учун унга етарли вақт берганликда ҳам айбланди.

Ҳакамлар қарори билан озарбайжонлик боксчининг 22-17 ҳисобида ғалаба қозонгани эълон қилингани ҳаммани ҳайратга солди.

Айни пайтда, жанг ғолиби Магомед Абдулҳамидов ўз мураббийлари ёрдамида зални тарк этди.

Ҳаваскор боксчилар халқаро уюшмаси (ХБХУ) аъзолари Шимизу ва Абдулҳамидов ўртасидаги бокс жангини таҳлил қилиш натижасида рефери камида учта “нокаут”ни пайқамаган ва ўйинни мутлақ тўхтатиши керак эди, деган хулосага келди.

Норози бўлган японияликлар апелляция берганидан сўнг ғалаба япониялик боксчи Шимизу ҳисобига ёзилди.

Айни пайтда, Ҳаваскор боксчилар халқаро уюшмасининг озарбийжонлик техник ходими ва Озарбайжон бокс федерациясининг вице-президенти Оғажон Абиевни ташкилот низомини бир неча марта бузганлик учун Лондон Олимпиадасидан ҳайдади.




Хабарларга кўра, Оғажон Абиев Ҳаваскор боксчилар халқаро уюшмаси вакиллари яшаётган меҳмонхонани аллақачон тарк этган.

- Биз шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлганимиздан жуда афсусланаман. Бироқ бизнинг асосий мақсадимиз ҳалол ва адолатли мусобақалар ўтказиш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шу боис мен ушбу қоидани мустаҳкамлаш учун бор имкониятни ишга соламан, деди Ҳаваскор боксчилар халқаро уюшмаси президенти Чинг Кво Вунг.

Айни пайтда, чоршанба куни германиялик рефери Франк Шармах ҳам бокс бўйича оғир вазндаги эронлик Али Мазаҳерига жанг давомида уч марта огоҳлантириш бериб¸ уни дисквалификация қилгани учун беш кунга олимпиададан четлатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG