Линклар

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг инглиз тилидаги илк албомига кирган "Round Run" қўшиғи Американинг нуфузли Billboard журнали кучли бешталигига киргани ҳақида овоза қилинган хабарлар ëлғон бўлиб чиқди.

Гулнора Каримованинг "Round Run" қўшиғи Американинг нуфузли Billboard журналининг HOT DANCE CLUB PLAY хит парадининг кучли бешталигига киргани ҳақида дастлаб Googooshaнинг расмий Realgoogoosha.com сайтида хабар қилинди.

Бунинг тасдиғи ўлароқ Billboard журнали саҳифасидан олингани айтилган ушбу хабар скриншоти ҳам Googoosha сайтида эълон қилинган.

Лекин Billboard журнали саҳифасига кириб бу хабарни топа олмадик. Журналнинг billboard.com сайтидан "Round Run" ҳақида маълумот қидирганимизда, қўшиқ остига “This song never been charted”, яъни бу қўшиқ ҳеч қачон чартда қатнашмаган, деб аниқ ва тиниқ қилиб ёзиб қўйилган эди.

Айни пайтда "Round Run" қўшиғи Billboard бешлигига киргани ҳақидаги хабарни бир қатор ўзбек нашрлари ҳам кўчириб босган.

“Тобора оммалашиб кетаётган "Round Run" қўшиғи, Billboard журналининг 28 июл куни тахлилига кўра "Рақсбоп қайноқ хитлар" хит парадининг кучли бешталиги орасида, олқишлар”, деб ёзди Sayyod.com сайти.

“Даракчи” газетаси эса Фонд Форум вакили сўзларига таяниб, бу қўшиқ апрел ойидан буён АҚШ, Европа ва Осиёнинг бир қатор радиостанциялари ва тунги клубларида янграб келаётгани ҳақда ёзди.

Googooshaнинг “Round Run” қўшиғи нуфузли Billboard журнали бешталигига киргани ҳақдаги маълумотни қаердан олишди экан?

Шу савол билан Гулнора Каримованинг Фонд Форумига боғландик, лекин аниқ жавоб олмадик.

- Эртага қўнғироқ қилинг, аниқ жавобни оласиз, деди телефон гўшагини кўтарган Фонд Форум ходимларидан бири.

Googoosha тахаллуси билан қўшиқ куйлайдиган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "Round Run" (Гирдикапалак) қўшиғи ўтган ой Ню Йоркда тақдим этилган эди.

17 июл куни эса бу қўшиқ клипини АҚШ ва Лотин Aмерикасида танилган клипмейкер Avi Cohen Бухорода суратга олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG