Линклар

logo-print

Россия ва Хитой БМТ Бош Ассамблеясида Сурия бўйича қабул қилинган резолюция бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлидаги уринишга путур етказишини билдирди.


БМТ Бош Ассамблеясида 3 август куни қабул қилинган резолюцияда Сурия ҳукумати исёнларни бостиришда "оғир қуроллар"дан фойдалангани ва ўз қўшинларини шаҳарлардан олиб чиқмагани қораланган.

Саудия Арабистони ташаббуси билан ишлаб чиқилган резолюция лойиҳасида ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам президент Башар Ал-Ассад бошчилигидаги Сурия ҳукумати танқид қилинган.

Россия, Хитой Беларус, Эрон, Сурия, Куба ва Венесуэла резолюция лойиҳасига қарши овоз берди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин мазкур резолюция “Суриядаги қуролли гуруҳларни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлайди” деган фикр билдирди.

- Бугун қабул қилинган резолюция зарарлидир. Чунки у (БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи) Аннаннинг (тинчлик) дастурини ҳамда Ҳаракат гуруҳининг Женева келишувларини амалга ошириш уринишларига зиддир. Бу сурияликларнинг можарони сиёсий йўл орқали ҳал этиш уринишини бошлашига путур етказади, деди Виталий Чуркин.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Ванг Мин эса Сурия ҳукуматига босимни кучайтириш бўҳрон минтақанинг бошқа давлатларига ёйилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Суриянинг суверенлиги, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши лозим. Суриянинг келажаги ва тақдири масаласини суриялик ҳал қилишлари керак.

Сурия масаласига сиёсий ечим топишга Сурия халқи етакчи бўлиши ва мамлакатдаги барча томонлар буни қабул қилиши зарур. Ечимнинг четдан туриб суқуштирилиши Сурия бўҳронини ҳал қилишда ёрдам бермайди.

Хитой тузумни ўзгартириш йўлидаги ҳар қандай уринишга қаршидир. Санкциялар эса вазиятни мураккаблаштиришдан бошқа нарсага олиб бормайди, деди Хитойнинг БМТдаги элчиси Ванг Мин.

Россия ва Хитой Сурияга қарши санкциялар жорий қилинишини бир неча марта тўхтатган.

Суриянинг БМТдаги элчиси Башар Жаафари Саудия Арабистони ва резолюция лойиҳасининг ҳаммуаллифи бўлган Қатар "бир пайтнинг ўзида "ўт ўчирувчи ва оловга мой қуювчи ролини ўйнашга уринаётгани”ни таъкидлади.

Саудия Арабистонининг БМТдаги элчиси Абдулла Ал-Муаллимий эса БМТ Бош Ассамблеясидаги овоз бериш жараёнини муваффақият, деб атади.

Резолюция қабул қилинганини олқишлаган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус бу халқаро ҳамжамият Сурия бўҳронидан чиқиш учун ишончли йўлни топишга уринаётганини тасдиқловчи далил эканини урғулади.

Айни пайтда, 4 август куни Сурия ҳукумати кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида давом этаётган тўқнашувларда камида 13 киши нобуд бўлгани хабар қилинди.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда 17 ойдан бери ҳукуматга қарши давом этаётган оммавий норозиликларда шу кунгача 19 мингдан ортиқ одам ўлдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG