Линклар

Сурияда ҳукумат қўшинлари пойтахт Дамашқнинг барча мавзеларидан исёнчилар отрядларини сиқиб чиқарганларини билдирмоқдалар.

Хусусан, шанба куни шиддатли жанглар кечган Тадамун мавзеидан ҳам мухолифат жангчиларининг чекингани айтилаяпти. Ўз навбатида, исёнчиларнинг “Озод Сурия армияси” вакиллари ўз одамларини пойтахтнинг турли мавзеларига тарқатиб юбориб, ҳукумат қўшинларига қарши партизанлик ҳаракатлари олиб бораётганлари ҳақида баёнот бердилар.

Тўқнашувлар Суриянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳалабда ҳам тинмаяпти. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу шаҳардаги амалиёт чоғида ҳарбийлар қирувчи самолёт, вертолёт ва тўплардан фойдаланмоқда.

Анқарадан олинган хабарларга кўра, Туркия сўнгги бир кеча-кундузда Суриядан тақрибан 650 нафар қочқинни қабул қилган. Улар орасида президент Башар Ассад ҳукуматини қўллашдан бош тортган бригада генерали ҳам борлиги айтилмоқда.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси Суриядаги зўравонлик учун мамлакат расмийлари хатти-ҳаракатларини қораловчи баёнот қабул қилганди. Мазкур резолюцияда Суриядаги қон тўкилишини тўхтатиш бўйича амалий чоралар кўролмагани учун БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам танқид қилинган.
XS
SM
MD
LG