Линклар

Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Алеппода ҳукумат кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда. Ҳукумат кучлари исёнчилар эгаллаган позицияларни оғир қуроллар ва ҳаводан ўққа тутмоқда.


Сурия армияси Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги исёнчилар ўрнашиб олган позицияларни якшанба куни танклар, жанговор вертолётлар ва оғир қуроллардан аёвсиз ўққа тутди.

Рейтерс ахборот агентлигининг Алеппо шаҳридаги мухбири икки ярим миллион аҳоли яшайдиган шаҳарнинг Салоҳиддин тумани кўчаларида шиддатли отишмаларга гувоҳ бўлганини хабар қилди.

4 август куни исёнчилар қўмондонларидан бири жангчилар “кучли ҳужумга тайёрланаётгани”ни айтганди.

Бироқ Сурия хавфсизлик кучларининг юқори лавозимли расмийси Алепподаги ҳозирги тўқнашувлар шунчаки йирик ҳужумга тайёргарлик эканини таъкидлаган.

ББС хабарига кўра, ҳозирда Алеппо шаҳри атрофига 20 мингга яқин ҳукумат армияси аскарлари тўпланган.

БМТ маълумотига кўра, отишмалар сабабли Алеппо шаҳрини 200 мингдан ортиқ одам тарк этган.

Сурия пойтахтида президент Башар Ал-Ассад режимига содиқ кучлар Дамашқнинг ҳамма мавзесидан исёнчилар сиқиб чиқарилганини иддао қилди.

Айни пайтда, Дамашқ яқинидаги шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳидан 48 нафар эронлик зиёратчи ўғирлаб кетилди.

Эрон дипломатлари ва Сурия давлат телевидениеси одамлар ўғирланишида “қуролли гуруҳлар”ни айблади.

Ал-Арабия телеканали орқали якшанба куни намойиш қилинган видеолавҳада Озод Сурия Армияси зобити кийимидаги шахс партизанлар “Дамашққа разведка мақсадида келган 48 нафар эронлик жанггарини қўлга олгани”ни маълум қилган.

Зиёратчилар тақдири ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқга.

Эроннинг IRNA ахборот агентлиги 5 август куни тарқатган хабарга кўра, Теҳрон расмийлари 48 нафар эронликни қутқаришда ёрдам сўраб Туркия ва Қатарга мурожаат қилган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли ва қатарлик ҳамкасби Шайх Ҳамад бин Яссим ал-Таний Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий билан телефон орқали айри-айри сўзлашувида зиёратчиларни озод қилишда ёрдам беришга рози бўлган.

Эрон матбуоти ёйинлаган хабарларга кўра, президент Башар Ал-Ассад режимига қарши 17 ой олдин оммавий норозиликлар бошланганидан бери Сурияда бир неча эронлик ўғирлаб кетилган.

Партизанлар уларни Туркия ҳукуматига топширганидан кейин ватанига қайтарилган.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда ўтган йил март ойида оммавий исёнлар бошланганидан бери қарийб 19 минг одам ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG