Линклар

Ўзбекистон расмий телеканалларида йўл ҳаракати қоидаларини писанд қилмаётган хорижлик дипломатлар танқид қилинди.

4 август куни NTT, унга қадар “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканаллари орқали эфирга узатилган махсус кўрсатувда айтилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йилида хорижий элчихона ва халқаро ташкилот вакиллари томонидан 14 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди.

Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмийси Зоир Саидалиев хорижлик дипломатлар айби билан мажруҳликка сабаб бўлаётган ёки ўлимга олиб келаётган автоҳалокатлар кўпаяётганини маълум қилди. Унга кўра, чет эл дипломатик корпуслари вакиллари иштирокида 2010 йилда 19 та, 2011 йилда 12 та йирик автоҳалокат рўй берди.

Ички ишлар расмийси бу борада муайян шахс ёки давлат номини тилга олмаган бўлса-да, ҳаракат қоидаларини бузган дипломатлар кўп ҳолларда ўз мансабини рўкач қилиб, нозирлар талабига бўйсунмаётганини билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26-28 июл кунлари Тошкентда уюштирилган рейдларда 16 нафар қоидабузар дипломат аниқланган.

- Дипломатик миссия ходимлари, ҳамма соҳада бўлганидек, йўлларда ҳаракатланишда ҳам ибрат бўлиши керак. Лекин амалда бунинг аксини кўрмоқдамиз. Дипломатлар аксар ҳолларда йўл белгиларини писанд қилмай, тезликни меъёрдан оширмоқдалар. Ҳаммасидан хавотирлиси, маст ҳолда автомобил бошқармоқдалар, - деди ички ишлар расмийси.

Мамлакат қонунчилиги бўйича CMD, D, UN ва X давлат рақамига эга дипломатик корпус машиналарининг ойнаси қорайтирилиши мумкин. Саидалиевга кўра, рейдлар давомида мазкур тартиб кўп маротаба бузилгани кузатилган.

Ички ишлар расмийси бу каби қоидабузарликларга қарши кураш изчил давом эттирилишини айтаркан, дипломатларни тартибга чақирди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 февралдаги 49-сонли қарори билан дипломатик корпус ва хорижий ташкилотлар автомобиллари мамлакатда ўрнатилган тартиб асосида техник кўрикдан ўтказилиши мажбурий этиб белгиланган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати рухсатсиз қайта жиҳозланган ёки белгиланган муддатда техник кўрикдан ўтмаган дипломатик корпус машинаси рақамини ечиб олиш ҳуқуқига эга.

Жорий йилнинг март ойида Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Олий суд Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотларнинг ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик чорасини қўллаш тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқди.

Ушбу йўриқномадан келиб чиқилса, жорий йилнинг 23 мартидан йўл ҳаракати нозирлари дипломатик ваколатхоналар машиналарини тўхтатиб, техник кўрикдан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатни талаб қилишга ҳақли. Мазкур ҳужжатда дипломатик иммунитетга эга шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги ҳам кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари дипломатлар содир этган қатор автоҳалокатлар ҳақида хабар берди.

2010 йил 11 декабр куни Қирғизистон элчихонаси ходими Адилет Мураталиев “Ford Mondeo” машинасида Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасидаги трамвай бекати тўсиғига бориб урилган. Машинани маст ҳолда бошқарганликда айбланмиш Мураталиев ишдан бўшатилган.

2009 йил 4 июн куни Тошкентда “Ниссан Максима” машинасини бошқариб келаётган Қозоғистон элчихонаси дипломати “Тойота Прадо” автомобили билан тўқнашиб кетган. Натижада бир йўловчи вафот этган, икки йўловчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

2006 йил 9 апрелда Тошкентнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида француз дипломати Л.Бут ВАЗ-2106 машинасини уриб юборган. Машина ичидаги З.Раҳмонов ва А.Полюдова Республика нейрохирургия марказига ётқизилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон пойтахти кўчаларида Германия, Буюк Британия, Латвия элчихонаси ходимлари йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлгани хабар қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG