Линклар

АҚШнинг “Curiosity” марсоходи душанба куни эрталаб Қизил сайёрага қўнди. Аппаратнинг Марсга қўнганини тасдиқловчи сигнал 6 август куни Гринвич вақти билан 6.30да (Тошкент вақти билан 10.30да) олинган.

NASA аэрокосмик агентлиги мутахассисларига кўра, “Curiosity” аллақачон Қизил сайёрадан тасвирларни жўнатишни бошлаган.

Калифорниядаги NASA лабораториясида бўлган муҳандис ва олимлар Марс сайёрасидан муждани қичқириқ ва қарсаклар билан кутиб олишди.

NASAдагилар “Curiosity”нинг икки йил давомида Қизил сайёрада ҳаёт белгилари борми-йўқми, деган саволга янада аниқроқ жавоб топишига умид қилишмоқда.

– “Curiosity” марсоходи ҳозир Қизил сайёрада, мазкур аппарат инсониятни кўпдан бери ўйлантириб келаётган Марсда ҳаёт борми, деган саволга жавоб излайди, - деди NASA вакилларидан бири Чарлез Болден.

Олимлар сайёра юзида бугунги кунда сув йўқлигини айтмоқдалар, лекин сув сайёра сатҳи остида бўлиши мумкин дея тахмин қилмоқдалар.



“Curiosity” Марс сайёрасининг юзасига яқин қатламда борлиги ишониладиган сув-музликни қазишга мўлжалланган мослама-робот билан жиҳозланган.

Аппарат яқин кунларда Қизил сайёрада ҳаёт манбайи бўлган сувнинг бор-йўқлигини текширишга киришади.

Ўтган йил ноябр ойида учирилган “Curiosity” саккиз ойдан ошиқроқ вақт давомида 560 миллион километр масофани босиб ўтиб, Қизил сайёранинг қиш тугаб, баҳор бошланадиган томонига қўнган.

Оғирлиги бир тонна келадиган аппаратнинг Марсга қўниши космосни тадқиқ қилиш йўлида қилинган навбатдаги оламшумул ҳодиса сифатида кўрилмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама “Curiosity”нинг Марсга қўнишини технологиялар соҳасида эришилган оламшумул ютуқ, деб атади.

1960-йиллардан буён турли мамлакатлар тарафидан Марсни забт этиш бўйича ўттиздан ортиқ уриниш бўлган. Улардан ярми муваффақиятсиз тугаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG