Линклар

Ўзбекистон адлия вазирлиги мулозимлари Акбар Набираев билан Умид Расулов суд ҳукмига кўра, порахўрликда айбдор деб топилиб, 6 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 31 июл кунги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Акбар Набираев олти йил, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Умид Расулов эса беш йилу олти ойлик муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ҳукмига кўра, адлия тизимининг бу икки мулозими Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суистеъмол қилиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ҳамда 210-моддаси (Пора олиш) бўйича айбдор деб топилган.

Адлия вазирлиги мулозими Умид Расулов жорий йилнинг феврал ойида 500 АҚШ долларини пора сифатида олганлик айблови билан ҳибсга олинган эди.

Айни маҳкама тафсилотларидан хабардор бўлган Озодлик манбасига кўра, Умид Расулов бу пулни Тошкентда "Автоҳаваскор" нодавлат-нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказиш ва 10 та Матиз машинасини ташкилотга бепул олиб бериш ваъдаси билан олган.

Манбага кўра, Расулов ҳибсга олингач, Акбар Набираевнинг ҳам пора ишига алоқадорлиги ҳақида тергов органларига маълум қилган.

Шундан кейин апрел ойи бошида Набираев "Автоҳаваскор"дан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Озодлик манбасига кўра, "Автоҳаваскор" ташкилотини собиқ милиция ходими ташкил қилишни режалаштирган.

"2500 долларлик пора олди-бердиси Ўзбекистондаги хусусий автомактаблар фаолияти тўхталишидан аввал бўлган. Шундан кейин собиқ милиция ходими адлия мулозимларидан берган порасини қайтаришни сўраган. Улар пулни қайтармагач, милиционер мулозимлар устидан органга шикоят қилган", дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда воқеадан хабардор тошкентлик манба.

Маълумки, 2011 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Ўзбекистондаги хусусий автомактаблар фаолияти мутлақ тақиқланди.

Манбага кўра, адлия мулозими Набираев қўлга олингач, Тошкентдаги йигирмадан зиёд нодавлат ташкилоти раҳбарлари Ўзбекистон Бош прокуратурасига унинг устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Маҳкамада бу ариза ҳам ўрганилиб, Набираев хизмат фаолияти даврида қатор қонунбузарликларга йўл қўйиб, ноҳукумат ташкилотларига тазйиқ ўтказиб келгани, бир қанча жамоат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан пора олиб келгани ҳам аниқлангани айтилаяпти.

Набираев билан боғлиқ маҳкамани кузатган Озодлик манбасига кўра, мулозим Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг уставини сохталаштириш, унинг раҳбариятига босим ўтказиш ва жамият раҳбари Ойбек Исҳоқовнинг ноқонуний равишда ишдан бўшатилишида ҳам "қўли" бўлган.

Тошкентдаги нодавлат ташкилотларидан бирининг раҳбари, ўзини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, Акбар Набираев барча қонунбузарликларини “юқори”нинг номи билан дастаклаш орқали амалга ошириб келган.

Кейинги даврда коррупция ва турли иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ маҳкамага тортилаëтган юқори даражали адлия тизими расмийлари сафи кенгаймоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган Жалол Абдусатторов ҳам 2009 йилнинг 26 апрелида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Давлат мулкларини талон-тарож қилиш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан билан айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Адлия вазирлигида 2008-10 йилларда раҳбарлик қилган Равшан Муҳитдинов эса Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ҳукми билан 15 йилга қамалган.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG