Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:44

РАСО Ўзбекистонга мораторий жорий қилишга чақирди


РАСО Ўзбекистонда Россия фуқаролари ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотирда.
РАСО Ўзбекистонда Россия фуқаролари ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотирда.

Жамоатчилик алоқалари бўйича Россия ассоциацияси (РАСО) мамлакатдаги коммуникация ташкилотларини Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ширкатлари билан ҳамкорлик қилишга мораторий жорий қилишга чақирди.

РАСО расмий сайтида эълон қилинган баёнотда ташкилот МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита”га нисбатан давом этаётган босимдан “хавотирда экани” билдирилади.

“Нафақат компания, балки унинг оддий ходимларига бўлаётган босим рус ва ўзбек халқларининг асрлар давомида шаклланган қўшничилик муносабатларига жиддий зарар келтирмоқда”, дейди Озодликка РАСОнинг Халқаро бизнес тараққиёти бўйича директори Наталья Гурова.

- Бизнингча, бундай ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги маданиятли бизнес тараққиётига путур етказаётгани ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россия фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганидан даракдир. Айбланувчиларга айблов хусусида бирор жўяли маълумот берилмаётгани, уларнинг процессуал ҳуқуқлари таъминланмагани ва кафолатланмаётгани, айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси уларнинг “уюшган жиноий гуруҳ аъзолари” деб атаётгани холис тергов ва бетараф суд таъминланиши хусусида шубҳаларимизни уйғотмоқда, дейди Наталья Гурова.

РАСО расмийси Ўзбекистнда "рўй бераётган бедодлик" боис ташкилот бутун Россия медиа-жамоатчилигини Ўзбекистон тузилмалари, ахборот воситалари ва идоралари билан вақтинчлик алоқа қилмасликка чақиришини қўшимча қилди.

“Россия жамоатчилигига икки илтимос билан мурожаат қилмоқдамиз”, дея давом этади РАСО вакили Наталья Гурова.

- Уларда мавжуд барча ресурслардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ҳибсга олинган МТС ходимлари билан юзага келган вазиятни ёритишга ва жамоатчиликка етказишга чақирдик. Бундан ташқари, яна бир таклифимиз, Ўзбекистон ахборот тузилмалари ва компаниялари билан халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳар қандай алоқаларга мораторий жорий қилишдан иборатдир, дейди Озодликка Жамоатчилик алоқалари бўйича Россия ассоциацияси вакили Наталья Гурова.

Суҳбат сўнгида Гурова РАСО “Ўздунробита” билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этишини билдирди.

Жамоатчилик алоқалари бўйича Россия ассоциацияси (РАСО) 1991 йилда тузилган нотижорат жамоатчилик ташкилоти. Ассоциация Россия PR бозоридаги энг йирик жамоатчилик бирлашмаси бўлиб, унга жамоатчилик алоқалари соҳасида фаолият юритаётган давлат, нодавлат ташкилотлари ва жисмоний шахслар бирлашган.
XS
SM
MD
LG