Линклар

logo-print

Сурия бош вазири исёнчиларга қўшилди


Сурия собиқ бош вазири Риёд Ҳижоб.

Сурия собиқ бош вазири Риёд Ҳижоб.

Сурия Бош вазири Риёд Ҳижоб оиласи билан Иорданияга қочгани ва исёнчилар тарафига ўтганини маълум қилди.

Сурия давлат телевидениеси мамлакат Бош вазири Риёд Ҳижоб Иорданияга қочиб кетиши ортидан лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабар қилди.

Иордания расмийлари Риёд Ҳижоб ўз оиласи билан мамлакатга қочиб ўтганини тасдиқлади.

Собиқ қишлоқ ҳўжалиги вазири Ҳижоб жорий йилнинг 23 июн куни бош вазир этиб тайинланган, яъни Ҳижоб парламент сайловларидан сўнг бу лавозимга келган.

Ассад режими бу сайловни сиёсий ислоҳотлар йўлидаги муҳим қадам ўлароқ баҳолаган. Бироқ Сурия мухолифати сайловни ноқонуний деб атаб, уни тан олмаган.

Риёд Ҳижобнинг матбуот вакили Муҳаммад ал-Отрийнинг Ал Жазира телеканалига айтишича, собиқ бош вазир Ассад режимининг “геноцеди”га қарши норозилик сифатида исёнчилар томонига ўтган.

“Мен (Риёд Ҳижоб -таҳр.) бугун қотил ва террорчи режимдан воз кечишимни эълон қиламан. Мен озодлик ва инсонийлик инқилобчилари сафига қўшилишимни маълум қиламан. Мен бугунги кундан эътиборан бу муқаддас инқилобнинг аскариман” дейилади Ҳижоб баёнотида.

Ал-Отрийга кўра, Риёд Ҳижобнинг оиласи билан қочиш режаси Озод Сурия армияси томонидан уюштирилган.

Сурия Миллий кенгаши лидери Абдел Бассет Сайда бош вазирнинг қочишини Ассад режимининг "қулаётгани" нишони сифатида баҳолади.

Сурия Бош вазир ўринбосари Умар Галаванжий Ҳижоб ўрнига вақтинча Бош вазир этиб тайинлангани айтилмоқда.

Ҳижоб билан бирга яна уч вазир қочгани ҳақида хабарлар ҳам бор.

Алеппода шиддатли жанглар давом этган 6 август куни Дамашқда Сурия Давлат телевидениеси биносида портлаш содир бўлди.

Расмий маълумотга кўра, портлаш оқибатида камида уч киши жароҳатланган. Сурия телевиденисининг хабар қилишича, портлаш кўрсатувлар намойишига шикаст етказмаган.

Портлаш бўйича маъсулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Сурия Ахборот вазири Умран ал-Зубий ҳужум учун мухолифатчиларни дастаклаётган хорижий давлатлар “сиёсий жавобгардир” дея баён қилди.

- Доҳа, Тел-Авив, Анқара ва Ар-Риёд сиёсий маънодаги жавобгарлар. Улар бу ишлар ортида ким турганини билишади. Улар бунинг Доҳадаги Араб давлатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашувида берилган ошкора буюртмалар эканини билишади. Улар Сурия матбуоти овозини ўчириш ҳақида гапиришди. Бундай ҳаракат бир қанча йўналишда амалга оширилмоқда, деди Умран ал-Зубий.

Якшанба куни Суриянинг биринчи ва ягона космонавти генерал Муҳаммад Аҳмад Форис ҳам Ассад режимидан қочиб Туркияга ўтгани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG