Линклар

Закот, фитр, фидя берганмисиз?


Озодлик респондентларининг кўпчилиги кейинги йилларда закот бергани "қўллари калталик" қилаётганини айтишди.

Озодлик респондентларининг кўпчилиги кейинги йилларда закот бергани "қўллари калталик" қилаётганини айтишди.

Рамазон ойи давом этаётган шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлар идораси мамлакат мусулмонлари учун закот, фитр ва фидя миқдорини белгилаб берди. Ҳафта саволининг бугунги сонида "закот, фитр, фидя берганмисиз" дея сўрадик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг ҳижрий 1433 йил (милодий 2012 йил) Рамазон ойи учун Закот нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 105 минг 882 сўм эканини эътиборга олиб, 85 грамм тилло ҳисобидан закот нисоби тўққиз миллион сўм экани ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни, 225.000 сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосасини маъқуллади.

2012 йилги Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда 2000 сўм деб белгиланди.

Жорий йилги Фидя миқдори эса ўртача 6000 сўм деб белгиланди. (Фидя бир оч одамни бир кун тўйғизиш баробаридаги эҳсондир.)

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Закот, Фитр, Фидя берганмисиз?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Абдуқаҳҳор ака, Тошкент:

- Очиғи пулим бор пайтда Закот берганман. Ҳозир мана рўза пайтида, кеча усталар ишлаëтган эди, шуларга озгина овқат қилиб бердим. Рўза тутмаяпманда. Озгина мазам йўқ эди. Таблетка ичиб укол олаяпман. Закот тўлашга ҳозир, унақа молим йўқ. Мисол учун битта гиламингиз бўлса, ишлатмаган бўлсангиз, закот беришингиз керак. Жуда нимаси кўпку Исломда. Қўлдан келгунча берамиз энди борида. Йўғида қаердан нима қиласиз? Бекитиб қўйган пулингиз бўлса экан берсангиз. Ҳозир кўраяпсизку ҳамма ëқни. Ҳақиқий бойлар энди ўлиб қолса ҳам бермайди. Боридаям бермайди. Ëнимда ҳам бор мана. Сув бермайди. Қолганини қўяверинг энди.

Манзура, Иқтисодиëт вазирлиги:

- Оилавий берилади. Хўжайиним масжидга чиққанларида, Ҳайит намозигача Фитр бериб келишади. Тилла-пиллалар ҳақида эшитмаганим учун қанча граммлигини билмайман. Бизларники унча чиқмагани учун закот бермаганмиз. Масалан, раҳматлик дадам қилган битта гилам бор. Лекин ишлатилаëтган гиламлар бор. Гилам, ортиқча нарсаларимиз бўлмагани учун қанча закот тўлаш кераклигини билмайман. Фитр садақасини эл қатори айтилган миқдор бўйича ҳар йили оилавий бериб келинади.

Қаюмжон ака, Қўқон:

- Закотни берганман. Кимга берганим эсимда йўғу, ҳалиги камхаржли, оиласи қийналганроқ одамга берса бўларкан деймизу, шунақаларга берганман. Ойлик олардик, пенсия олардик, ҳозир йўқ. Пенсияни олаяпмизу, ишхонадан чиқиб кетганман. 5-10 минг пул бор, ўшанинг нимасидан берган эдик. Қанча бойлиги бўлса, ўшанинг фоизини берар эканку 40дан бирини. Ўша бўйича берганмиз биз ҳам. Қийналганроқ қайнсинглимиз бор эди, ўшанга бериб юбордик. Бир-икки йил турган пул бор, энди жуда унақа кўпмасда. Турган пул 20-30-40 минг бўлиши мумкин.

Қодиржон ака, Андижон:

- Фитр ҳар йили берардик. Лекин закот йўқ. 2001 йилдан бери берган эмасман. Менинг ўз уйим йўқ. У ер бу ерда оилам билан яшаб юрдик. Қўпол қилиб айтганда закотга ҳақдор эдик. Ўтган йил қамоқда эдим. Ўтган йил бир-иккита қариндошимиз берибди. Хотиним ҳар қалай қайнонамнинг уйига уй солиб ўша закотнинг пулларига, синглимиз, тоғамиз берибди 1 миллион, бир ярим миллион. Лекин закотни бировнинг қўлига берганини ëки олганини кўрган эмасман. Ўзим ҳам берган эмасман. Закот берган эмасман. Лекин эҳсон маҳалла учун, масжид учун қилганман албатта. Проводник бўлиб юрган пайтимда масжидга гилам-пилам ташлаб кетиб қилганман. Лекин мол-мулкимни ҳисоблаб закот берган эмасман. Оддий ишчи бўлиб ишлаганман. Троллейбус минганман, заводда бетончи бўлиб ишлаганман. Закотга яраша орттирадиган ишда ишлаган эмасман.

Мансурбек, Хоразм:

- Мен Ўзбекистонда пайтимда ота-онам билан бирга яшаганман. Улар беришган. Алдаб нима қиламан? Ўз қўлим билан бермаганман. Ҳозирда Россиядаман, Нижний Новгородда. 6-йил бўлади. Бир маротаба берганмиз. У пайтда бу ерда бўлганмиз. Қолган пайтда мен Рамазон ойида ўз юртимда бўлганман. Хоразмнинг Ҳазорасп тумани, Пичоқчи қишлоғи, Баҳодир Матризаев маҳалласидан бўламан. Иккинчи марта Россияда қолишим, Рамазон ойида. Икки йилдан бери мана алоҳида оила бўлиб чиққанман. Оилавий аҳволим шунақа бўлгани учун бу ерда қолиб кетганман. Ўзбекистонда пайтимда намозни ҳам ўқиганман. Оллоҳга беадад шукурлар бўлсин бир ой ичида намозни ҳам ўқиганман, ҳаммасини адо қилганман.

Лазиз, Туркия:

- Закот садақами яъни? Масалан чўнтагимда 20 минг сўм бўлса, 1000 сўмини бераман. Ҳали унчалар катта закот қила олганим йўқ. Лекин қўлдан келганча қиламан. Масалан Ўзбекистонда 40та молим бўлганда биттасини сўйиб, ҳамсоя, теваракка берардик. Ҳалигача берамиз 3-4 ойда бир. Уйдагилар қиладида. Мен унча тушунмайман.

Ҳасан, “Ўзбектуризм” ходими:

- Саволни олтидан кейин беринг. Олтидан кейин гаплашамиз.

Ҳамдам, Тошкент вилояти:

- Закот бермаганмиз, фитрамизни ҳар йил берамиз. Закотга энди жуда катта маблағимиз ҳам, пулимиз ҳам йўқ. Унинг учун кўп маблағ бўлиши керак. Пул бўлса, шунда берилади. Кўпчилик бермайди закотни. Мен ҳеч закот берганини кўрмаганман. Ҳамма гап маблағдаю. Уйда тилла нимангиз кўп бўлса, берасиз, бўлмаса бермайсиз. Биз мана 42-43га чиқдик, жуда катта нимамиз йўқ.

“Ўзкоммунхизмат” ходими:

- Ҳозир йиғилишга тайёрланяпмиз. Бунақа саволизга жавоб беришга вақт йўқ.


*************************************
Азиз муштарий¸

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда мулоҳаза билдирмоқчи бўлсангиз¸ қуйидаги "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикрларингизни ёзиб қолдиринг.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG