Линклар

Душанбе мэри фейсбукчилар билан учрашмоқчи


Душанбе мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев.

Душанбе мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев.

Душанбе шаҳри раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев Facebook ижтимоий тармоғи фаолларини пойтахт муаммоларини муҳокама қилиш учун “воситачиларсиз” мулоқотга таклиф қилди.

“Сизнинг юқори даражадаги ижтимоий фаоллигингиз ва шаҳримиз ривожи учун яратувчанлик жараёнидаги позитив ролингизни қадрлаган ҳолда, шаҳар тузилмалари ишини яхшилаш бўйича конструктив танқид ва қизиқарли таклифларингизни эътиборга олган ҳолда Сизни “воситачиларсиз” очиқ мулоқотга таклиф қиламан”, дейилади Душанбе мэри номидан Facebook тармоғида ёйинланган мурожаатномада.

Мурожаатнома муаллифи фейсбукчилар билан Душанбе шаҳри бош плани, эски турар-жойларни бузиб ташлаш, пойтахтнинг келажакдаги қиёфаси, йўллар аҳволи ва жамоатчилик транспорти иши, турар-жой коммунал хўжалиги муаммолари кабиларни муҳокама қилмоқчи эканини билдирган.

Шунингдек, мурожаатномада “ўтиб бораётган Рамазон ойида истеъмол бозорини энг зарур эҳтиёж моллари билан тўлдириш чоралари” ҳақида фикр алмашиш ҳам таклиф қилинган. Бироқ фейсбукчилар билан учрашув мўлжалланган 23 август куни рўза ойигина эмас, балки Рамазон ҳайити ҳам ортда қолиши афтидан Душанбе мэриясидаги ташаббускорларнинг назаридан четда қолган кўринади.

Ҳозирда тадбир ташаббускорлари учрашувга келолмайдиган кишилар учун мазкур мулоқотни онлайн-трансляциясини ташкил этиш масаласи юзасидан бош қотирмоқда.

Facebook фойдаланувчилари Душанбе мэриясининг бу ташаббусини ижобий қарши олганлар ҳамда пойтахт муаммоларини ҳал қилиш бўйича ўз савол ва таклифларини қолдира бошлаганлар. Айни пайтда мазкур ижтимоий тармоқнинг 93 нафар фойдаланувчиси мазкур учрашувда қатнашажакларини тасдиқлаганлар.

Маълумотларга кўра, Душанбе мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев Facebook тармоғида биринчилардан бўлиб ўз саҳифасини очган тожикистонлик амалдорлардан бири бўлиб ҳисобланади. Лекин унинг саҳифасини кўздан кечирган медиа-экспертлар аккаунт эгасининг интерфаол мулоқот ишқибози эмаслигини қайд этиб, "кўринишидан, бу саҳифани мэрия матбуот хизмати юритади", деган мулоҳазани билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG