Линклар

Қирғизистон ҳукуматини ёшлар назорат қилади


Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов кўпроқ ёшларга ишонади.

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов кўпроқ ёшларга ишонади.

Қирғизистон ҳукуматини ўзини назорат қилишини жамоатчиликка топширмоқчи. Қирғизистон Бош вазири бу борада “Халқ назорати” ташкилоти ташкил этилишини эълон қилди.

Қирғизистон ҳукумати ўз фаолиятини назорат этувчи “Халқ назорати” ташкилоти фақат ёшлардан иборат бўлишини маълум қилди. Ҳукуматнинг ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Султон Қаназаровнинг айтишича, мазкур ташкилот аввал Бишкекда тажриба сифатида ташкил этилади, кейинроқ эса республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам фаолият юрита бошлайди.

- Бундан мақсад, биринчидан, ҳукуматни назорат қилиш. Иккинчидан эса, бу Бош вазирнинг халқ билан мулоқот қилишининг замонавий усули ҳамдир. Талабалар, жамоат ташкилотлари фаоллари, журналистлар ҳукумат ишини назорат қилиб боради. Улар Бош вазир билан бевосита тўғридан-тўғри алоқда бўлади. Ташкилот аъзолари вақти –вақти билан Бош вазир қабулида бўлиб, ҳисобот берадилар. Бош вазир, биринчидан, фуқаролар ҳукумат ташкилотлари фаолиятини қандай баҳолаётганидан хабардор бўлади. Иккинчидан,олинган маълумотлар бўйича тегишли чора-тадбирларни қўллайди, -деди Султон Қаназаров.

“Халқ назорати”нинг фақат ёшлардан иборат бўлиши кўпчиликда шубҳа пайдо қилмоқда. Чунки Қирғизистонда содир этилган 2005 ва 2010 йил инқилобларида ёшлар ташкилотлари муайян сиёсатчиларнинг сиёсий ўйнлари қуролига айланиб қолгани кузатилган эди. Қирғизистонлик ёш фаол Наргиза Абдуллаева шундан келиб чиққан ҳолда, янги тузилажак ташкилотга пессимистик нуқтаи назардан ёндошади.

- Ғоя жуда яхши. Бироқ бугунги кунда ёшлар ҳар қандай сиёсий кучлар таъсири остида қолган. “Акани кўриб ука тарбияланади”, деганларидек, ёшлар орасида ҳам коррупцияга мойил бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ҳам бу яхши ғоя самара берадими ёки муайян сиёсий куч таъсири остида сиёсий қуролга айланиб қоладими, деган шубҳалар бор, - деди Наргиза Абдуллаева.

Бишкекдаги “Инсон ҳуқуқлари ва демократия маркази” раҳбари Идрис Кубатбеков эса “бу каби назорат тузилмалари аввалги ҳукумат пайтида ҳам ташкил этилган, аммо уларнинг фаолияти хўжа кўрсинга бўлган”, деб ҳисоблайди.

- Роза Ўтунбаеванинг президентлиги даврида ҳар бир вазирликни жамоат кенгашлари назорат қилиши ҳақида қарор чиқарилган. Бугунги кунда бу жамоат кенгашлари нима иш қилаяпти, жамиятга қандай фойда келтираяпти, қайси ҳукумат ташкилотини қай тарзда назорат қилаяпти деган саволлар очиқлигича қолмоқда. Жамоат кенгашлари арзирли ишни бажара олгани йўқ. Аввал ташкил қилинган назорат кенгашлари фаолияти суст бўлиб турган бир пайтда янги назорат ҳаракатини ташкил этиш популистик қадам ҳолос, -деди Идрис Кубатбеков.

Жамиятда мавжуд бўлган бу каби шубҳаларга қарамай, ҳукумат “Халқ назорати” ташкилотининг ёшлардан иборат бир нечта гуруҳи тузила бошлаганини билдирмоқда. Маълумотга кўра, интернетда “Халқ назорати”нинг махсус портали очилади ва фуқаролар бу ерда ҳукумат ташкилотлари фаоляти ҳақидаги аризаларини қолдиришлари мумкин бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG