Линклар

Тадбиркорларга ремонт вазифаси юклатилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида тадбиркорларнинг "мажбурланиши" одатий ҳолгла айланган.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида тадбиркорларнинг "мажбурланиши" одатий ҳолгла айланган.

Ўзбекистонда тадбиркорларни ўзларига қарашли биноларни қайта таъмирдан чиқариш талаб қилинмоқда. Маҳаллий ҳокимлар бу ишни мустақиллик байрами олдидан қилинаётган ободончилик ишлари билан изоҳлаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Алянси Тошкент шаҳридаги Аския деҳқон бозоридаги тадбиркорларнинг мажбурий ремонтдан норозилиги ҳақидаги хабарни ёйинлади.

Алянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, у бозордаги тадбиркорлар билан суҳбатлашгандан сўнг шундай хулосага келган:

- Мен куни-кеча Аския бозорида бўлдим. Мен жуда кўп дўконларнинг ремонт учун ёпилганини ва у ерда таъмирлаш ишлари ўтказилаётгани гувоҳи бўлдим. Ҳар хил дўконлар, маиший хизмат дўконлари эгалари уларнинг бинолари таъмирга муҳтож бўлмаса ҳам, бозор маъмурияти томонидан евроремонт қилишга мажбурланаётгани ҳақида шикоят қилишди. Тадбиркорлар қурилиш материалларининг қимматлиги ва айни мавсум пайтида дўконларининг ёпиб қўйилгани уларга зарар етказаётгани ҳақида гапиришди, дейди Елена Урлаева.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячисига кўра, тадбиркорлар агар байрамгача ремонтни тугатмаса, дўконлари ёпилиши ва бошқа тадбиркорларга сотиб юборилишидан огоҳлантирилган.

Бироқ, ўзини Аския деҳқон бозори директорининг ёрдамчиси Азиз деб таништирган йигит, Озодлик билан суҳбатда, тадбиркорлар биноларни ремонт қилишга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарни рад этди:

- Бизга тадбиркорларнинг ўзлари таклиф билан чиқишган. Ўзлари биноларни мустақилликка ремонт қилиб олайлик, деб айтишган. Ҳа энди битта-иккиталариники шундайлигича турибди. Лекин уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ. Ўз ихтиёрлари билан ремонт қилишяпти. Улар ремонт қилмаса, уларни иш жойидан маҳрум қилиш ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ, дейди бозор директори ёрамчиси Азиз.

Ҳар йили Ўзбекистонда мустақиллик байрами арафасида тадбиркорларга ўз биноларини қайта таъмирдан чиқариш ва безаб қўйиш мажбурияти юкланиши кузатилади.

Бу йил ҳам республиканинг баъзи вилоятларида шундай ҳолат кузатиляпти. Хоразм вилоятининг Хонқа туманида тадбиркорлик қилаётган Ражаббой Қуранбоевнинг айтишича, тадбиркорлар учун бу ортиқча харажат бўляпти:

- Шаҳарнинг ўртасида дўконларим бор, стоянкам бор, цехларим бор. Ҳозирги пайтда ҳоким, началник милиция келиб мажбурий равишда ҳаммасини қайтадан ремонт қилишни талаб қиляпти. Пулинг бўлмаса, кредит олиб бераман дейди. Лекин ҳужжатларни қилиб банкка борсам 10 фоиз “шапка”сини сўраяпти. 300 миллион сўм кредит оламан десанг 30 миллион сўм беришим керак экан. Энди мен бировдан 30 миллион сўм қарз олиб беришим керак, кеийн кредит олиб ремонтни бошлашим мумкин, дейди тадбиркор Ражаббой Қуранбоев.
XS
SM
MD
LG