Линклар

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Тошлоқ тумани суди томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, 72 яшар Эргаш Бобожонов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 40-моддаси (Туҳмат) ва 41-моддаси (Ҳақорат қилиш)да айбланиб, судланмоқда.

Тошлоқ тумани ИИБ томонидан олиб борилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш тафсилотларига кўра, Эргаш Бобожонов маҳаллий амалдорларнинг коррупция ва талон-тарожликка оид бир қанча ишлари борасида юқори давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош прокуратура, Парламент ва бошқа идораларга шикоятлар ёзиб келган. Айни шикоятларда тилга олинган рақам ва далиллар ўз исботини топмагани боис ҳам ҳуқуқ фаоли жавобгарликка тортилган.

Аксинча, Эргаш Бобожонов ғайри конституциявий тарзда жавобгарликка тортилган. Ҳатто уни суд қилиш учун туман Марказий шифохонасидан мажбурий олиб келишга уринишлар бўлди.

Xолбуки, у киши юрак хуружи билан шифохонада даволанаётган эди, дейди ҳуқуқ фаолининг ҳимоячиси Одилжон Юсупов.

Ҳимоячига кўра, Эргаш Бобожонов нафақат ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, балки техника фанлари номзоди, таниқли олим сифатида ҳам вилоятда ўз мавқеига эга. Қолаверса, у кекса, 2-гуруҳ ногирони ҳамдир.

Агар суд кекса ҳуқуқ фаолини айбли деб топса, у мазкур Кодекснинг иккала моддасида кўрсатилган энг кам маош миқдорининг 100 бараваригача жарима билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг айнан Фарғона вилояти фаоли Эркин Қўзиев ҳам шу йилнинг 3 майида фирибгарлик ва пора беришда айбланиб, 3,2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG