Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:17

ВКонтакте болалар порнографиясини тарқатишда айбланмоқда


Facebook тармоғининг русча аналоги ҳисобланган ВКонтакте Россия ва Беларусда мохолифат фаолларининг уюшишида қўл келган.
Facebook тармоғининг русча аналоги ҳисобланган ВКонтакте Россия ва Беларусда мохолифат фаолларининг уюшишида қўл келган.

“Бош овчилари” Педофилияга қарши кураш Россия ҳаракати 32 давлат ҳукуматларига ВКонтакте ижтимоий тармоғини мутлақо ёпиб қўйиш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳақдаги хат Россиядаги Ўзбекистон элчихонасига ҳам юборилди.

“Бош овчилари” (“Охотники за головами”) жамоатчилик ташкилоти ВКонтакте ижтимоий тармоғини порнография материалларини эълон қилаётганликда айбламоқда.

Ўзларини бачабозликка қарши норасмий курашчи дея тақдим қилаётган ҳаракат аъзолари бу ижтимоий тармоқда порнографик материаллар тарқатилишини тўхтатиш талаби билан Россия Ички ишлар вазирига мурожаат қилди.

Аризада ҳаракат фаоллари ВКонтакте маъмуриятини педофил ва руҳий касал шахсларга порнографик ва эротик материалларни тармоққа бемалол қўйиш имкониятини яратиб бераётганликда айблади.

- Бу аризани биз қонунга биноан қабул қилишимиз керак ва қабул қилдик ҳам. Ҳозирда у Россия Федерация қонунчилиги асосида кўриб чиқиляпти, деди Россия ИИВ Ахборот бошқармаси бошлиғи Андрей Пилипчук.

Айни пайтда, “Бош овчилари” ҳаракатининг ВКонтактедаги гуруҳ саҳифаси тармоқ маъмурияти томонидан “вақтинчалик” ёпиб қўйилгани хабар қилинди.

ВКонтактени ёпиш илтимоси билан Россиядаги 32 мамлакат, жумладан Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган ҳаракат раҳбари Сергей Жук бу мамлакатлар раҳбариятини ВКонтакте тармоғига тўсиқ қўйишга чақирди.

- Ахир 45 фоиз тармоқдаги болалар жинсий тажовузга учраётганини тасдиқлаяпти, яъни вақти-вақти билан улар билан албомлари порнографияга тўла аллақандай кимсалар дўстлашмоқда. Яъни бу ижтимоий тармоқда болаларга порнография қидиришнинг ҳожати ҳам йўқ – у ўзи уларни топаяпти, дейди блогосферада Гудвин тахаллуси билан танилган “Бош овчилари” ҳаракати асосчиси Сергей Жук.

Интернетда бачабозликка қарши курашаётганини иддао қилаётган ҳаракат вакиллари элчихоналарга юборган илтимосномасида ВКонтакте ижтимоий тармоғида 11 миллион вояга етмаган фойдаланувчи борлиги, жумладан 7,5 миллиони Россиядан экани айтилади.

ВКонтакте тармоғи педофилия ва порнографияда биринчи марта айбланаётгани йўқ: шу йил бошларида ВКонтактени “порнография ресурси” деб эълон қилган Туркия ҳукумати унга тўсиқ қўйган эди; бу масала Украина полицияси томонидан ҳам кўтарилган. Лекин биринчи маротаба жамоатчилик ҳаракати вакиллари тармоқ раҳбарининг судга тортилишини талаб қилмоқда.

Ўзига қўйилаётган айбловларни рад этаётган ВКонтакте раҳбарияти болалар порноси тармоқда бўлмагани ва буни таъминлаш учун махсус модераторлар гуруҳи ишлаётганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқ асосчиси Павел Дуров барча айбловларни ёлғон дея, ҳар қандай педофилия ёки порнографияда гумонланган материал блок қилинаётганини таъкидлади.

ВКонтакте ўзига қарши айбловларни “махсус уюштирилган кампания” деб, бунга жавобан “Девор ортидаги шаҳар” сайтини ташкил этди.

“Илғор одамлар шаҳарларни қураётган бир пайтда, эскичилар уни деворлар билан ўрамоқда. Аммо инсоният келажак олдига девор қўя олмайди!”, дейилади ВКонтакте маъмурияти баёнотида.

“Бош овчилари” фаоллиги Россия Давлат Думаси жорий йилнинг 12 июлида Рунетдаги цензура тўғрисидаги қонун қабул қилганидан кейин ошгани кузатилмоқда.

Бу қонунга кўра, Россияда интернетда тақиқ қўйилган сайт ва саҳифаларнинг ягона реестри тузилмоқда. Унга болаларнинг порнографик тасвири, наркотикларни ишлаб чиқариш ва ҳоказо аудио, фото ва видеоматериалларини жойлаштирган сайтлар киритилади.

Рунетдаги энг йирик ижтимоий тармоғи бўлган ВКонтакте 2006 йилда ташкил топган.

2012 йилнинг январ ойига берилган маълумотларга кўра, тармоққа кунига 35 миллиондан зиёд фойдаланувчи киради ва бу кўрсаткич бўйича у ўзининг асосий рақиби - “Одноклассники”дан ҳам ўзиб кетган.

ВКонтакте интерфейси жаҳоннинг 50 тилида амал қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:41 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG