Линклар

logo-print
Бугун, Лондон Ёзги Олимпиадасининг 13-куни ўзбекистонлик спортчилар мусобақаларнинг тўрт тури бўйича беллашишади.

29 ёшли енгил атлетикачи Рифат Артиқов спортнинг ўн турини ўз ичига олган ўнкураш баҳсларида қатнашади. Тошкент вақти билан соат 14:20 да бошланадиган баҳсларда Артиқов 100 метрга ва 400 метрга югуриш, узоқликка сакраш, ядро улоқтириш ва баландликка сакраш спорт турларида куч синашади.

Вадим Меньков эса 14:00 да бошланадиган 1000 метрлик масофага каноэда якка эшкак эшиш мусобақасининг финал босқичида куч синашади. 2008 йилги Пекин Олимпиадасида Меньков ушбу спорт турида тўртинчи ўринни олган эди.

Енгил атлетикачи Иван Зайцев 23:05 да бошланадиган найза улоқтириш беллашувида қатнашади.

64 кг вазн тоифасида беллашаётган 21 ёшли боксчи Ўктамжон Раҳмонов чорак финал учрашувида кубалик Рониел Иглесиас Котолонгога қарши рингга чиқади. Учрашув тунги соат 1:30 га белгиланган.

Олимпиада очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини кўтариб чиқган 81 кг вазн тоифасидаги Элшод Расулов чорак финал босқичида россиялик Егор Мехонцев билан беллашади. Учрашув тунги соат 2:45 да бошланади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни жами 53 нафар спортчи тамсил этмоқда. Ҳозирча Ўзбекистон битта бронза медал билан турнир жадвалининг 65-поғонасида турибди.
XS
SM
MD
LG