Линклар

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон пойтахтида ёшлар орасида гуруҳ-гуруҳ бўлиб велосипедда сайр қилиш урфга айланиб бораяпти.

Европа мамлакатларида аллақачонлардан бери одатий кўринишга айланиб улгурган велосаёҳатнинг Тошкентда ҳам оммалашиб бораётганига, велосипедларни ижарага бериш билан шуғулланувчи Андрейнинг фикрича, бир неча сабаб бор.

- Биринчидан, бу спорт. Иккинчидан, ҳовлида сигарет чекиб, беўхшов ҳазиллар қилиб, пиво ичиб ўтириш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бундай одамлар муқобил мулоқот йўлини қидира бошлаяпти. Велосипедда биргаликда сайр қилиш ҳам ана шундай муқобил мулоқот йўлларидан бири, - дер экан Андрей бу тенденция келажакда янада кучайиши мумкинлиги тахмин қилади.

Суҳбатдошимизга кўра, Тошкентда велосаёҳатга қизиқишнинг кучайиб бораётганини велосипедларни ижарага берувчи тадбиркорлар кўпайиб бораётганидан ҳам, бунинг алоҳида бизнес турига айланиб бораётганидан ҳам илғаш мумкин. Андрейнинг мулоҳазасича, бунинг ҳам бир неча сабаби бор.

- Ҳозирги пайтда тузукроқ велосипедга эга бўлишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Айримларнинг эса велосипед сақлайдиган жойи йўқ. Масалан, бир одам 7-8-қаватда яшаса, уни ҳар куни олиб тушиб, олиб чиқиш, тор квартирада сақлаш малол келиши мумкин. Ёки у ҳар куни эмас, ойда-йилда бир сайр қиладиган бўлса, фалон пулга велосипед сотиб олгандан кўра, ижарага олиб қўйиш қулайроқ, - дея велосипед ижарачилари кўпаяётганига изоҳ берган Андрей ҳозирда Тошкентда “чидаб минса бўладиган” велосипедни 200 доллардан 500 долларгача сотиб олиш мумкинлигини қўшиб қўйди.
Андрейнинг айтишича, аслида 8-10 минг доллар турадиган велосипедлар ҳам бор, бироқ бунақа “матаҳ”ларни ўзбекистонлик энг бой кишилар ҳам сотиб олмайди, уларнинг харидори асосан Европада.

Тошкентнинг Дархонида велосипедларни ижарага бериш билан шуғулланувчи бошқа бир суҳбатдошимиз - Евгенийнинг айтишича, ҳозирда пойтахтда велосипеднинг бир соатлик ижараси 4-5 минг сўмни (ўртача 1,5 АҚШ доллари – таҳр.) ташкил қилади. “Бир суткага ижарага олмоқчи бўлсангиз эса, 30 минг (10 АҚШ долларидан сал кўпроқ – таҳр.) тўлайсиз”, дейди Евгений.

Унинг айтишича, велосипедни ижарага олиш учун паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки ҳарбий билет каби бирор ҳужжат тақдим этилиши шарт.

- Моҳиятан сизга тегишли бўлган ҳар қандай [шахсни тасдиқловчи] ҳужжат бўлиши мумкин. Бу гаров вазифасини ўтайди. Ахир ижарага берувчи сизнинг “чин сўз”ингизга ишониб велосипедни қўлингизга тутқазиб қўёлмайди-ку, - дер экан Евгений ижарачи ўз ҳужжатини велосипедни шикастсиз қайтариши билан қайтиб олиши мумкинлигини қўшимча қилади.

Ўзбекистонда велосипедда сайр қилишга қизиқиш эндиликда фақат қишлоқ жойлар ёки кичик шаҳарлардагина эмас, пойтахтда ҳам кучайиб бормоқда.

Ўзбекистонда велосипедда сайр қилишга қизиқиш эндиликда фақат қишлоқ жойлар ёки кичик шаҳарлардагина эмас, пойтахтда ҳам кучайиб бормоқда.

Велосипедга шикаст етган тақдирда эса, Евгенийнинг айтишича, ижарачи келтирилган зарарни тўлаши лозим бўлади. “Бу носозлик қандайлигига қараб, ижарачи 5 минг сўмдан 50 минг сўмгача тўлаши мумкин”, дейди суҳбатдошимиз ўртача тўловларга тўхталар экан.

Тошкентлик тадбиркор Андрей айни пайтда велосипедларни ижарага бериш ишида бир қанча муаммолар борлигини қайд этади. Шулардан бири, Андрейга кўра, улардан назорат-касса аппаратининг талаб қилиниши, тушган пул инкассация қилинишидир.

- Хусусий тадбиркор учун муайян миқдордаги солиқ белгилаб қўйилган бўлса, инкассация деган нарсанинг нима кераги бор? Ана шуниси тушунарсиз, - дер экан Андрей бу борадаги ўз тахминлари билан ҳам ўртоқлашади. - Балки банкка нақд пул керакдир? Ахир улар топширган пулимизнинг ҳаммасини бермайдилар-ку – ярмини бериб, ярмини ҳисоб рақамингизда қолдиришади.

“Бу йўналишда текшир-текширлар ва кераксиз молиявий операцияларни камайтириш лозим” деган фикрда бўлган Андрей велосипед ижараси билан боғлиқ бошқа бир муаммога – тартиб посбонларига дахлдор муаммога ҳам эътибор қаратади.

- Улар (Ички ишларнинг қоровул хизмати ходимлари назарда тутилмоқда – таҳр.) велосипедни ижарага олган одамни тўхтатиб: “Кечки пайт велосипед ҳайдаш маън қилинган”, дейишади. Кейин уларга жарима солишга, велосипедни олиб қўйишга ҳаракат қилишади. Бизга ҳам “Нега кеч бўлганда учадиган кишиларга велосипедни ижарага бераяпсизлар?” дея эътироз қилишади. Агар у мендан велосипедни бир суткага ижарага олган бўлса, уни қандай назорат қила оламан, - дер экан Андрей аслини олганда қонунда тунда велосипедни ижарага бериш таъқиқлангани, бироқ кундуз куни велосипедни 1 суткага ижарага топшириш маън қилинмаганини айтади.

Тошкентлик автомобил ҳайдовчиларнинг велосипед минганларга нисбатан муомаласи ўта ёмонлигидан шикоят қилган Андрей айни пайтда ижарачиларга велосипедни ижарага бериш олдидан батафсил йўл-йўриқ берилишини қайд этади. “Агар ҳамма бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилса, ҳеч қанақа муаммо қолмасди”, дея сўзини хулосалайди тошкентлик тадбиркор Андрей.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG