Линклар

logo-print

Америкалик поп-юлдуз Мадонна Москвада 7 август куни берган концертида Россия раҳбариятини “фикр билдириш ҳуқуқини ҳурмат қилишга” ва Pussy Riot панк-рок гуруҳининг қамоқда сақланаётган уч аъзосини озод қилишга чақирди.

Мадоннанинг концерт пайтида Pussy Riotни қўллаб-қувватлашга бағишланган чиқиши 6 дақиқага чўзилди.

“Pussy Riot тўғрисида бир-икки оғиз сўз айтмоқчиман. Мен ўз фикримни айта олиш ҳуқуқини берадиган мамлакатдан эканлигимдан фахрланаман”, деди Мадонна.

“Бироқ бундай ҳуқуқ бу ерда – Россияда, Францияда, Эронда, умуман Ер юзи бўйлаб ҳамма жойда бўлишини орзу қиламан. Инсон эканмиз, ўз фикримизни изҳор эта билиш ҳуқуқига эга бўлишимиз керак”, деб давом этди хонанда.

Мадоннанинг концерти Москванинг Хамовники туман судида Pussy Riot панк-рок гуруҳининг безориликда айбланаётган уч аъзоси устидан ўтказилаётган судловнинг 8-кунига тўғри келди.

Прокурор фикрича, судланаётган қизларнинг безорилик қилгани тўла исботланган.

Pussy Riot панк гуруҳи аъзолари Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевич безорилик ва Рус Православ черковини ҳақоратлаганликда айбланмоқда.

Ғайриоддий чиқишлари билан Россияда ном қозонган Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳи 21 феврал куни Рус православ черковининг бош ибодатхонаси - Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштирган ва “Худойим, Путинни ҳайда!” дея куйлаган эди.

Мадоннанинг Pussy Riot билан боғлиқ нутқини, унинг “ҳатто бошқалар, ҳатто давлат фикрларимга қарши бўлса ҳам мен ўз фикримни билдириш ҳуқуқига эга бўлишим керак, фикр билдириш эркинлигини мен шундай тушунаман”, деган мазмундаги гапларини томошабинлар олқишлар билан кутиб олди.

“Мен ўз фикримни айта оладиган, биз ўз фикримизни айта оладиган мамлакат – Америкадан эканлигимдан бахтлиман, бундан фахрланаман. Артист сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам, аёл сифатида ҳам агар бошқалар фикримга қўшилмасалар-да уни билдириш ҳуқуқига эгаман. Демократия шудир”, деди Мадонна.

Поп-юлдуз Pussy Riot гуруҳининг судланаётган аъзоларини номма-ном тилга олганида эса, унинг овози томошабинлар ҳайқириғига кўмилиб кетди.

“Маша, Катя ва Надялар қилган ишлари учун жазоларини олиб бўлишди. Мен уларнинг озодликка чиқишини дуо қиламан. Уларнинг озодликка ҳақлари бор”, деди Мадонна.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG