Линклар

logo-print

Тошкентликларнинг ўртача даромади қанча?


Тошкентликлар яхши яшаш нархини 250 дан 10 минг долларгача баҳолайди.

Тошкентликлар яхши яшаш нархини 250 дан 10 минг долларгача баҳолайди.

МДҲ давлатлараро статистика қўмитаcи ҳамдўстликка аъзо мамлакат пойтахтлари аҳолисининг ўртача даромадига оид маълумотни эълон қилди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўз пойтахтларига статистика қўмитасига бундай ахбротни тақдим қилмади.

МДҲ давлатлараро статистика қўмитаcи расмийларига кўра, Тошкент билан Ашхобод аҳоли ўртача даромадига оид маълумотларни қўмитага тақдим этмай келяпти.

- Ўзбекистон бу борадаги статистик маълумотни анчадан буён бермай келади. Тақдим этишса жон деб буни эълон қилган бўлар эдик,- деди Озодлик билан суҳбатда МДҲ давлатлараро статистика қўмитаси матбуот вакили Елена Скопцова.

МДҲ давлатлараро статистика қўмита маълумотларига қараганда, Россия пойтахти аҳолиси ўтган йили ҳамдўстликка аъзо бошқа давлатлар пойтахтлари аҳолисига нисбатан энг кўп даромад – ойига ўртача 43272 рубл (қарийб 1300 АҚШ доллари) олган.

Иккинчи ўринда Остона аҳолиси – 26424 рубл (800 АҚШ доллари); бокуликлар эса 19049 рубл (550 АҚШ доллари) билан учинчи ўринда.

Ойлик даромаднинг ўсиш кўрсаткичи бўйича ўтган йили Қирғизистон биринчи ўринга чиққан. Бу мамлакатда ўртача даромад миқдори 31,3 фоизга ўсган. Тожикистонда бу кўрсаткич 18,7 фоизни, Қозоғистонда 13,9 фоизни ташкил қилган.

- Биз бу рақамларни шу давлатлар тадқим этган маълумотлар ва ўз мутахассисларимиз таҳлилларига асосланган холда эълон қилдик,- деди Скопцова.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасидан бу ҳақда ҳозирча маълумот олаолмадик. Ўзбекистонда 1 августдан энг кам иш ҳақи президент фармони билан 72 355 сўм қилиб белгиланди. Бу "қора бозор" курсида 25 АҚШ долларига тенг деганидир.

Ўзбекистонда ўртача статистик оиланинг даромади 100-150 АҚШ долларини ташкил қилиши тахмин қилинади.

Лекин, Тошкентда бундай кун кечириб бўлмаслигини айтади пойтахтликлар.

- Ҳозир ойлик доходингиз (даромадингиз демоқчи-таҳр.) ўртача 500 доллар бўлмаса Тошкентда оч қоласиз,- дейди пойтахтнинг Фарход бозорида савдогарлик қиладиган Адҳам ака.

Ўз исмини айтмаган тошкентлик тадбиркорлардан бири эса, пойтахтда яхши яшаш учун ойлик 10 мингдан кам бўлмаслиги керак, кўкида, дейди.

- Шунақа давралар бор, ойлик даромадингиз 15 минг доллардан паст бўлса у ерда ҳеч ким сиз билан ҳисоблашмайди,- дейди тошкентлик тадбиркор.

Тошкентлик кузатувчи Комрон Алиевнинг айтишича, пойтахтда оч қолмаслик учун ойига камида 250 доллар топиш керак.

- Бу ерда одам йиқилиб қолмаслиги учун, кўчада очдан ўзини ташавормаслиги учун ойлик камида 450 минг сўм, яъни 250 доллар атрофида бўлиши керак. Масалан, мен 360 минг сўм нафақа оламан. Фарзандларим ёрдам қилмаса, бу нафақага Тошкентда яшаб бўлмайди,- дейди Комрон Алиев.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бир йил аввал Мустақиллик байрами куни муносабати билан қилган нутқида мамлакатда ўртача маош миқдори 500 АҚШ долларни ташкил этишини таъкидлаган эди.

"Ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баробар ошгани, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди",- деб айтган эди Ислом Каримов.

Лекин, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўртача маош қанчалиги борасида маълумотларни очиқламаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG