Линклар

Сиёсатчи, қўшиқчи, дизайнер, шоира Гулнора Каримова 6 август куни спортдаги маҳоратини намойиш қилиб, Қибрайдаги медиа лагерида ёш журналистларга карате ва ушу бўйича мастер-класс кўрсатди.

6 август куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Умид гулшани” оромгоҳида ташкил қилинган ёш журналистлар медиа лагерига Гулнора Каримова ташриф буюрди.

Бу кун ҳатто “Умид гулшани” ишчи-хизматчиларига ҳам оромгоҳ ҳудудига кириш тақиқланди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган оромгоҳ ходимасига кўра, улар медиа лагерда Гулнора Каримова карате, ушу ва гимнастика бўйича дам олувчи журналистларга мастер класс кўрсатгани ҳақида эшитганлар.

Исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, ўша куни оромгоҳда фақат медиа лагер ходимлари, хорижлик меҳмонлар ва жуда кўплаб қўриқчилар бўлган.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форум расмий сайтида Қибрайдаги медиа лагерда Гулнора Каримова ёшларни жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланишга даъват қилгани ва ўзининг маҳоратини намойиш қилиб барчани ҳайратга солгани ҳақида ёзди.

Сайт Каримова хонимнинг журналистларга спортнинг қайси турларини намойиш қилгани ҳақида очиқламаган.

Каримованинг Қибрайга ташрифи тафсилотларини ўрганган Uzmetronom.com сайти ёзишича, 6 август куни президент қизининг журналистларга спорт бўйича мастер-класс кўрсатиши учун сунъий чим тўшалган.

Сайт маълумотига кўра, Каримова ушу, карате ва гимнастика бўйича қизлар учун мастер-класс кўрсатган ва йигитларга келгуси сафар ўз маҳоратини ўргатишга ваъда қилган.



“Умид гулшани” оромгоҳидаги манбага кўра, 5 август куни очилган медиа лагер 18 августгача фаолият кўрсатади.

Манбанинг айтишича, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган журналист, оператор ва монтажчилардан иборат 150 дан зиёд ёшлар лагерда дам олиш билан биргаликда хорижлик меҳмонлардан журналистика сирларини ҳам ўрганишади.



​Фонд Форум сайтида ёзилишича, медиа лагердаги хорижликлар орасида, жумладан, европалик таниқли кино продюссер Режи Газельбаш, Россиянинг Amazing life телеканали режиссёри Алекс Стренов, ҳиндистонлик оператор Шамсўз Зоха, машҳур “Пуштиранг партерра” мультфильми режиссёр-аниматорларидан бири таиландлик Адесорон Саоваделар бор.



Хорижлик меҳмонлар икки ҳафта давомида тележурналистика, газета ва Интернет журналистикаси бўйича ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар олиб боришади.

Фонд Форум маълумотига кўра, Қибрайдаги медиа лагер Гулнора Каримова томонидан ташкил қилинган.

Сиёсатчи, дизайнер, қўшиқчи, шоира сифатида танилган ва кейинги пайтда Фонд Форум орқали ўз саҳоватпешалигини намойиш қилаётган Гулнора Каримова айни пайтда Ёшлар медиа кенгаши раиси ҳамдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG