Линклар

Лондон олимпиадасининг бронза медал соҳиби бухоролик 25 ёшли Ришод Собиров олтин медал умидида сўнгги тўрт йил давомида тайёргарлик кўрганини айтади.

Лондон Олимпиадасида Ришод Собиров бронза медални қўлга киритган кун у туғилиб ўсган Бухоронинг Жондор туманидаги Бурбоғи қишлоғида ҳақиқий байрам бўлди.

Ришод Собировнинг Озодликка айтишича, у медал билан Ўзбекистонга қайтган кун ҳам қариндошлари ва дўстлари уни Тошкент аэропортида хурсандчилик билан кутиб олган.

- Аэропортда кутиб олишди. Жуда зўр бўлди. Дадам, ойимлар келишди. Кайфиятим аъло даражада бўлди. Мен кутган инсонларнинг барчаси келди. Хурсандман,- дейди Ришод.

Спортчининг айтишича, у катта тайёргарлик кўргани боис Лондон олимпиадасида олтин медал олишига қаттиқ ишонган.

- Мен Лондон олимпиадасига 2008 йилдан бери тайëрланганман. Тўғрисини айтсам, тайëр эдим олтин медал олишга. Билмадим мендан омад юз ўгирдими нима бўлди, бронза медалини қўлга киритдим. Тайëргарлигимиз жуда зўр эди. Устозларимиз Андрей Анатолевич билан биргаликда жуда яхши тайëрланган эдик. Омад келмади озгина.

Озодлик: Мусобақалардан олдин ҳаяжон бўлдими?

- Олимпиада ҳар тўрт йилда келади. Олимпиадага боришнинг ўзи спортчиларимизнинг катта ютуғи бўлади. Ҳаяжон бўлган. Мен ўйлайман ҳар бир спортчида ҳаяжон бўлади. Ҳаяжонсиз олимпиадани ютиш жуда қийин. Ҳар бир спортчи олтин медал ва умуман медал олишга тайëр бўлади. У ëққа барча профессионал спортчилар боради. Ҳаяжон бўлади. Худо хоҳласа Ўзбекистонга биринчи олтин медални берсам деганман. Мендан кейин спортчиларимизнинг кайфияти аъло бўла бошлайди деган ниятда эдим.

Озодлик: Сиз кутган медал олтин эмас бронза бўлди. Кейин кайфиятингиз қандай бўлди?

- Энди кимлардир медал ололмасдан ҳам қайтадию...

Озодлик: Оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов олимпиадада тўртинчи ўринни олганида ҳатто йиғлади. Олтин эмас бронза бўлиб қолганида сиз ўзингизни қандай сездингиз?

- Энди у ҳолат ҳар бир спортчининг юрагидан ўтади. Бундай вазиятда хурсанд бўлганман. Олимпиада чемпионлари ҳам биринчи кругдан чиқиб кетгани бўлганда. Лекин мен бу билан, тўғриси, Худога шукур қиламан. Имкониятим ҳам, ниятим ҳам бор эди олтин медалга.

Озодлик: Отангиз билан гаплашганимда “Ўғлимдан олтин медал кутган эдим. Ўзи ҳам олтин медал ваъда қилган эди” деди.

- Энди хафа бўлганлар кўпчилик. Тўғриси уйдан кетаëтганимда “мен олтин медал оламан” деб айтган эдим. Кўпчилик олтин медал кутишган энди мендан.

Озодлик: Ўзбекистонлик олимпиадачилар орасида 2-3 карра жаҳон чемпиони бўлганлар, олдинги олимпиадаларда яхши ўринларни қўлга киритганлар бор. Нимага медаллар сони кўпаймаяпти?

- Энди билмадим. Бошқа спорт турларини билмадиму, лекин мен дзюдони айтадиган бўлсам, дзюдочиларимиздан анча медал кутишган эди. Дзюдочиларимизга кўз тегдими нима бўлди билмадим. Умидимиз мана боксëрларимиздан, эркин курашчиларимиздан. Бўлиши керак. Мана Аббос Атоев ярим финалга чиқди. Бугун эртага кутиб қоламиз медалларни,- дейди Ришод Собиров.



25 ёшли Ришод Собиров Бухоронинг Жондор туманидаги Бурбоғи қишлоғида туғилиб ўсган.

11 ёшида дзюдо билан шуғулланишни бошлаган Ришод 20 ёшида Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллади.

Ришод 2008 йилдаги Пекин Олимпиадасида ҳам бронза медални қўлга киритган.

У 2010 йилда Токиодаги чемпионат ва 2011 йилда Париждаги чемпионатда кетма-кет олтин медални қўлга киритиб, икки карра жаҳон чемпионига айланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG