Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:36

Навоийда меҳнат мухожирлари орасида ОИТСга қарши профилактика кучайтирилди


Кейинги йилларда Ўзбекистонда ОИТС муаммоси долзарблиги ошаётгани асосий сабабларидан бири миллионлаб меҳнат муҳожирлари орасида бунга оид билимнинг пастлиги экани айтилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ОИТС муаммоси долзарблиги ошаётгани асосий сабабларидан бири миллионлаб меҳнат муҳожирлари орасида бунга оид билимнинг пастлиги экани айтилади.

Навоий вилоятида чет мамлакатларда ишлаб қайтган меҳнат мухожирлари орасида Одам иммун тақчиллиги вируси (ОИТВ) ва Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) касаллигига қарши профилактик тадбирлар кучайтирилди.

Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда ишлаб қайтган ёки вақтинча қайтган меҳнат мухожирлари обдон тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, улар орасида касаллик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган 12news.uz агентлигига кўра, Навоий вилояти ОИТСга қарши кураш маркази шифокори Алишер Тиллаев сўнгги йилларда айнан меҳнат мухожирлари орасида ҳавфли касалликни ташувчилар сони ортиб бораётганидан ташвиш билдирган.

"Муҳожирликнинг кучайиши ОИТС ва ОИТВ инфекцияси тарқалиши хавфини ҳам кучайтирмоқда. Муҳожир ишчилар касаллик хавфи ҳақида деярли маълумотга эга эмас, улар ўзлари борган мамлакатларда тилни яхши билмасликлари ва бошқа тўсиқлар боис бу ҳақда маълумот олишолмайди" дея иқтибос келтиради шифокордан хабар агентлиги.

Асосан Россияда, оиласидан йиллаб айро яшайдиган меҳнат муҳожирлари орасида пала-партиш жинсий алоқада бўлиш оқибатида турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТСга чалиниш ҳолатлари сўнгги йилларда кўпайди.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ОИТС маркази маълумотига кўра, ўтган йили 180 минг меҳнат муҳожири тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, улардан 120 нафарида ОИТС аниқланган.

ОИТВ вирусини юқтирган муҳожирларнинг энг кўпи Украинадан бўлган, иккинчи ўринни эса ўзбекистонликлар эгаллаган.

- Бу ҳали тиббий кўрикдан ўтганлари. Кўрикдан ўтмаганларини ҳам ҳисобга олсак ҳолат яна ҳам аянчли. Кўпчилик уялганиданми ватида мурожаат қилмайди. Марказимиз улар учун очиқ. Улар биздан ОИТС профилактикаси, воситалари ҳақида маълумотни ҳам олишлари мумкин,- дейди Санкт-Петербург ОИТС марказининг профилактика ва тиббий-ижтимоий бўлими мутахассиси Любов Торита.

Меҳнат муҳожирлари орасида ОИТС тарқалиши хавфи муаммоларини Тошкентдаги эксперт ишчи гуруҳи ҳам ўрганган.

Ташкилот феврал ойида ёйинланган маълумотномада, вазиятнинг жиддийлиги боис Ўзбекистонда “Ташқи меҳнат миграцияси бўйича” қонун қабул қилиб, унда муҳожирлар ўртасидаги ОИТС ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

2012 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21500 дан ортиқ ОИТВ инфекциясини юқтирган киши аниқланган.

Эксперт Ишчи гуруҳи бу борадаги рақамлар пасайтириб кўрсатилганини таъкидлайди ва Россиядан келаётган хавотирли хабарларга эътиборни қаратади.

Гуруҳ фикрича, меҳнат муҳожирлари орасида касалллик ҳақида тушунтириш бериш, муҳожирларни Ўзбекистондан кетаётган ва келаётганда тиббий кўрикдан ўтказиш ишлар кўламини яна ҳам кенгайтириш керак.
XS
SM
MD
LG