Линклар

"Гулноранинг алоқаси йўқ, лекин у билан кўришмоқчиман"


Женевада пул ювганлик амалиётида айбланиб ҳибсга олинган Шохрух Собировнинг турмуш ўртоғи Шоира Собирова.

Женевада пул ювганлик амалиётида айбланиб ҳибсга олинган Шохрух Собировнинг турмуш ўртоғи Шоира Собирова.

Швейцарияда ҳисбга олинган икки ўзбекистонликдан бири Шохрух Собировнинг яқинлари унинг ғайриқонуний ҳаракатларга алоқаси йўқлиги ва у тушиб қолган вазиятни ҳал қилишда ёрдам сўраб, Гулнора Каримовага мурожаат қилиш ниятида эканини айтмоқда. Ўзбекистон фуқаролари Швейцария томонидан тафтиш қилинаётган пул ювишга доир жиноят иши бўйича қўлга олинган. Баъзи маълумотларга кўра, бу ишга президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Шоира Собирова шу ҳафта бошида Озодликка йўллаган мактубида турмуш ўртоғи 34 ёшли Шохрух Собиров Женевада тушунмовчилик боис, полиция бошқа бир ўзбекистонлик – Алишер Эргашевни ҳибсга олаётган жойга тасодифан келиб қолгани туфайли Швейцария полицияси томонидан қамоққа олинганини ёзган эди.

32 ёшли аёлнинг Озодликка ёзишича, эри Шохрух Собиров рўза тутаётган бўлган ва ўша куни воқеа жойига ҳалол емак сотадиган дўкон қидириб юриб, тасодифан келиб қолган.

Чоршанба куни Озодлик билан Skype орқали гаплашган Шоира Собирова эри билан сўнгги бор 30 июл куни гаплашганини айтади.

- Душанба куни гаплашган эдим. Шу билан хабарим йўқ. Мен ҳеч нарса дея олмайман бу тўғрисида. Менимча, ифторлик қилаëтган пайтларида “мен овқатлангани кириб кетаяпман” дедилар. Шу билан мен бошқа гаплаша олмадим улар билан.

Шоира Собирова Озодликка ҳафта бошида юборган хатида эрининг қийин вазиятга тушиб қолиши ортида Женевадаги Lombard Odier банки тургани ва ҳибсга олинган бошқа ўзбекистонлик бу банк мижози бўлганини ёзган эди. Чоршанба куни Озодлик билан суҳбатда Шоира Собирова бу тафсилотлардан бехабарлиги ва турмуш ўртоғининг саргузаштлари ҳақида учинчи одамлардан хабар топганини таъкидлади.



Шоира Собированинг айтишича, турмуш ўртоғи ҳақиқатан, Озодлик аввал хабар қилганидек, Coca-Cola-Uzbekistan ширкатида бошқарувчи лавозимида ишлаб келган.

- Ўзи банкда ишлардилар. Банкда ишлаб кейин Кока-Колага ўтдилар. Колада иш фаолиятини юритаëтган эдилар. Кейин бола-чақа, қайнона, қайнота ҳаммамизни боқаман деб қўшимча бизнес билан шуғулланаман деб юрган эдилар.

Шоира Собирова Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси олдида 4 ва 6 август кунлари норозилик намойиши ташкил қилгани, иккинчи мартасида элчихона вакили билан гаплашганини ҳам қўшимча қилди.



Лекин Центразия.ру нашрининг норозилик акцияси президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова буйруғи билан ўтказилгани, боз устига президент қизи элчихона яқинида микроавтобусдан туриб, тадбирни шахсан бошқариб тургани ҳақидаги хабарини Шоира Собирова мутлақ инкор қилди.

- Қиладиган иши йўқми Гулнора Каримовани? Шу гапларга қанча қон қилишди мени. Ҳамма телефон қилаяпти. Қиладиган иши йўқ Гулнорани деб ўйлаяпсизларми? Лекин (Гулнора Каримовани) кўришни хоҳлардим. Олдиларига чиқмоқчи бўлдим. Агар ишим оғирлашиб кетса, қанақа аҳволда бўлиб қоламан билмайман. Болаларим уже йиғлашаяпти, дейди эри Швейцарияда ҳибсда қолаётган Шоира Собирова.

Швейцария прокуратураси сешанба куни Озодлик сўровига жавобан йўллаган расмий хатида Женевда ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари исмлари келтирилмаган. Лекин, ҳибслар Швейцария Бош прокуратураси томонидан ўтказилаётган тергов доирасида амалга оширилгани айтилада хатда.

"Айни вақтда бу иш бўйича тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси пул ювиш (ғайриқонуний йўл билан топилган даромадни машрулаштириш-таҳр.) амалиëтига алоқадорликда айбланмоқда. Икки киши ҳибсга олинди", дейилади Швейцария прокуратураси баёнотида.

Айни пайтда, Женевада ҳибсга олинган ўзбекистонликлар ишини кузатаётган франциялик журналист исми ошкор этилмасли шарти билан Озодликка берган маълумоларга қараганда, Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев Гулнора Каримовга алоқадор шахслардир. “Улар Женевадаги Lombard Odier банкига ҳам Гулнора Каримованинг кўрсатмасига кўра борганлар”, дейди француз журналисти.

Унинг айтишича, Швейцария расмийлари ўзбекистонликларни ҳибсга олиш билан бирга Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамларини ҳам музлатиб қўйган.

Россия махсус хизматлари назорат қилиши айтиладиган Центразия.ру нашри эълон қилган мақолада иддао қилинишича, Женевада ҳибсга олинган ўзбекистонликлар томонидан дахл қилинган Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлар ҳам Гулнора Каримовага қарашли бўлган.

Гулнора Каримова 2009 йилда 50 миллион Швейцария франкига Женевада сотиб олган ҳашаматли ҳовли учун ана шу ҳисоб рақамларидан фойдалангани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG