Линклар

MТС Ўзбекистон ҳукумат тузилмалари қарорларини ноқонуний деб билади


Ўзбекистон монополияга қарши тузилмасининг 16 ҳудудий бошқармаси “Ўздунробита” монополияга қарши, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама ҳақидаги қонунларни бузганлигини иддао қилмоқда.

Новости агентлигининг Москвадаги МТС ширкатига таяниб хабар беришича, монополияга қарши ҳудудий бошқармалар МТСнинг шўъба корхонаси бўлган “Ўздунробита” филиалларига жами 80 миллион долларлик даъво билдирган.

МТС Ўзбекистон монополияга қарши тузилмаси ҳудудий бошқармалари қарорларини ноқонуний деб билади ва бу қарорлар устидан судга шикоят аризаси киритмоқчи. Новости агентлигининг билдиришича, МТСнинг Москвадаги бош қароргоҳида ўзбек ҳукумат тузилмаларининг бу каби ҳатти-ҳаракатлари ортида МТСнинг Ўзбекистондаги бизнесини экспроприация қилиш мақсади кўзланаётган бўлиши мумкинлигидан ташвишланишмоқда.

“Ўздунробита” ширкатига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати 17 июл куни 31 июлга қадар 10 иш кунига тўхтатилган эди.

30 июл куни Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги даъво аризаси асосида бу муддатни яна уч ойга узайтирди.

Шу кунгача Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари "Ўздунробита"нинг бир неча топ-менежерига, хусусан, ширкатга бир неча йил бош директорлик қилиб келган Беҳзод Аҳмедовга нисбатан айблов эълон қилган.
XS
SM
MD
LG