Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:04

Қозоғистон Қирғизистондан ҳуқуқ ҳимоячисини талаб қилмоқда


Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Александр Осадченко ҳимояси учун намойиш ўтказди.
Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Александр Осадченко ҳимояси учун намойиш ўтказди.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Александр Осадченко қозоқ ҳукумати томонидан сиёсий таъқиб қилинаётганини билдириб, 6 август куни Қирғизистондан бошпана сўраган эди.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Александр Осадченкони расмий Остонага топшириш борасида Қирғизистон Бош прокуратурасига мурожаат қилинган. Бу ҳақда Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Канатбек Султанов маълум қилди.

- Қирғизистон Бош прокуратурасига Қозоғистон Бош прокуратурасидан талабнома келди. Унда Александр Осадченко фактларни сохталаштиргани ва товламачилик билан шуғуллангани учун жиноят иши очилгани маълум қилинган. Қозоғистон уни жиноий жавобгарликка тортиш учун ўз ватанига қайтарилишини талаб қилмоқда, - деди Канатбек Султанов.

Қозоқ ҳуқуқ –тартибот тузилмалари ходимлари 10 июл куни Қозоғистонни тарк этган Александр Осадченкони Бишкекда ноқонуний равишда қўлга олмоқчи бўлган. Аммо маҳаллий аҳоли ва қирғиз милицияси бунга йўл қўймаган. Айни пайтда Александр Осадченко вазият ойдинлашгунига қадар Бишкекдаги ҳибсхоналардан бирида сақланмоқда.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли қозоқ ҳукумати томонидан сиёсий таъқиб қилинаётганини билдириб, 6 август куни Қирғизистондан бошпана сўраган эди.

Қирғизистон Ёшлар, меҳнат ва аҳоли бандлиги вазирлигининг қочқинлар билан ишлаш бўлими раҳбари Базаркул Керимбаеванинг айтишича, қочқинлик сўраб ёзилган аризалар олти ой мобайнида кўриб чиқилади. Лекин Александр Осадченконинг ҳибсда сақланаётгани инобатга олиниб, унинг аризаси юзасидан қарор тез кунларда чиқарилади.

- Қозоғистон фуқароси душанба куни бизга ариза берди. Бу аризани рўйхатга олгач, бу масала юзасидан иш бошлаймиз. Бу одамнинг ҳибсда сақланаётганини ҳисобга олган ҳолда, қарорни қонунда белгиланган муддатдан олдинроқ чиқаришга ҳаракат қиламиз, -деди қирғиз расмийси.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Осадченкони Қозоғистонга қайтариш масаласи унинг қочқинлик сўраб берган аризаси юзасидан қарор чиқарилганидан сўнг ҳал этилади. Айни пайтда Бишкек шаҳар суди Александр Осадченкони ҳибсда сақлаш муддатини 10 сентябргача узайтирган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолининг расмий вакили Ксения Филимонова Осадченко Қарағанда вилоятидаги ҳуқуқ фаолияти учун таъқиб қилинаётганини айтди. Август ойларининг бошларида қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Александр Осадченкони Қозоғистонга қайтармаслик ва ҳибсдан озод қилиш талаби билан бир қатор норозилик намойишларини ўтказган эдилар.

Май ойидан бери Қирғизистондан бошпана топган Александр Осадченкони Қозоғистонга қайтариш масаласи президент Нурсултон Назарбоевнинг шу ойда Бишкекка қиладиган ташрифи арафасида кун тартибига қўйилмоқда.
XS
SM
MD
LG