Линклар

Ўзбекистон ўз автобусларини кўпайтирмоқчи


СамАвто заводида ишлаб чиқарилаётган LE 60 автобуси (СамАвто сайтидан олинган сурат).

СамАвто заводида ишлаб чиқарилаётган LE 60 автобуси (СамАвто сайтидан олинган сурат).

Самарқанд автомобил заводи (СамАвто) 2012 йилнинг иккинчи ярмида ўзбек автобуссозларининг ўз маҳсулоти бўлган "LE 60” автобусини серияли равишда ишлаб чиқаришни бошламоқчи бўлиб турибди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор ахборот агентликлари хабар тарқатди.

Дастлаб 2009 йил кузида жамоатчилик эътиборига тақдим этилган SAMAUTO LE 60 автобуси 60 нафар йўловчи ташиш имконияти эга бўлиши айтилганди.

Шунингдек, оғирлиги қарийб 10 тонна, узунлиги 8 метр бўлган бу автобус салондаги қулайликлар ва техник хусусиятлар жиҳатдан дунёдаги энг замонавий автобуслардан қолишмаслиги, автобуснинг немислар ишлаб чиқарган двигатели эса 1 миллион километргача капитал таъмирсиз ишлаши мумкинлиги таъкидланганди.

Уч йил муқаддам LE 60 автобуси лойиҳаси устида рус муҳандислари ҳам анча тер тўкканини урғулаган Россия оммавий ахборот воситалари ўшанда автобус қиёфасида ўғирланган унсурлар шундоққина кўзга ташланиб турганини, хусусан, LE 60 “кўз”лари (чироқлари) ВАЗ-2105 автомашинасининг фаралари билан айнан бир хил эканини писанда қилгандилар. SAMAUTO LE 60 лойиҳаси устида ишлаган муҳандислар бу танқидларга бефарқ қарамаган кўринади – ҳар ҳолда, бугунги кунда автобуснинг “кўз”лари “операция” қилинган – “05” никидай тўртбурчак фара ўрнига қияламасига 3 та кичик юмалоқ фарачалар ўрнатилган. Бироқ мутахассислар бунинг ҳам янгилик эмаслигини, хусусан, унинг Лондон кўчаларини “обод қилаётган” Arrivа Т6 автобусига ўхшаб қолганини айтмоқдалар.

Маълумотларга кўра, Самарқанд автозаводи бу йил 1900 дона автобус ва 1100 дона юк машинаси ишлаб чиқармоқчи. 2013 йилда эса СамАвто 2100 дона автобус ва 1200 дона юк машинаси ишлаб чиқаришни режалаган.

Самарқанд автомобил заводи 2006 йил ноябрида банкрот деб топилган “СамКўчавто” ўзбек-турк қўшма корхонаси базасида ташкил этилганди.

Ҳозирда автозавод акцияларига “Ўзавтосаноат” акциядорлик ширкати, “Асака” банки ва Япониянинг Itochu корпорацияси эгалик қилади. 2007 йил январидан бошлаб СамАвтода япон муҳандислари ишланмаси бўлган Isuzu автомобиллари (юк машиналари, махсус техника ва чоғроқ автобуслар) ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG