Линклар

Татаристонда “Катакомба сектаси” ёки “Файзраҳмончилар” деб аталаётган мусулмонлар гуруҳининг 4 аъзоси болаларга ғайриинсоний муносабатда бўлганликда айбланмоқда.

Россия матбуоти хабарига кўра, мазкур секта аъзолари болаларни камида ўн йил давомида ҳаво алмашмайдиган, қуёш нури тушмайдиган ва иссиқлик етиб келмайдиган ертўлада сақлаган.

Россиянинг 1-канали берган телерепортаж “Файзраҳмончилар” аъзоси деб айтилаётган бир соқолдор эркакнинг ўзбек тилида "Шайтонлар! Оллоҳ душманлари!", деган хитобларидан бошланади. Лекин 1-канал журналисти секта аъзолари қайси миллатга мансуб эканини айтмайди.

Ҳукумат тузилмалари ярим ой шакли ўрнатилган минорали уч қаватли бино ертўласида ўтказган рейд натижасида, 60 одам, жумладан, 15 нафар бола чуқур кавланган саккиз қаватли 30та хонадан иборат бўлган катакомбада яшаб келганларини аниқланган.

Болаларнинг айримлари ўша ерда туғилган ва ҳеч қачон қуёш нурини кўрмаган. Бу ердан топилган энг ёш бола 18 ойлик, энг катта бола – 17 ёшли қиз. Унинг ҳомиладор экани аниқланган.

Россиянинг 1-канали берган репортажда Қозондаги 18-касалхонанинг болалар бўлими мудири Татяна Мороз бундай деди:

"Болаларнинг аҳволи қониқарли, ҳамма боланинг қорни тўқ, фақат улар жуда кир эди. Олиб келинганидан кейин болаларни ювинтирдик, тиббий кўрикдан ўтказдик, ҳамма анализларни олдик", деди Қозон касалхонаси врачи.



(Россиянинг 1-канали берган лавҳа, телеканал Интернет сайтидан олинди.)

Хабарда айтилишича, прокуратура сектанинг уч аъзосига нисбатан жиноий иш қўзғатган. Ҳозирда уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўрилмоқда.

Хабарларга кўра, болалар тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг суд қарорига кўра, уларни “Болалар уйлари”га жойлаштириш режаланган.

Секта аъзолари журналистларга ҳамма болалар нормал шароитда яшаганларини таъкидлашган.

Прокуратура яна сектанинг 83 ёшли раҳбари Файзраҳмон Сатторовга қарши жиноий иш қўзғатди. Файзраҳмон инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда айбланмоқда.

Терговчиларга кўра, у сектага катталар ва ёшларни тортишга уриниб келган.

Расмийларнинг 1-каналга айтишича, секта аъзолари Файзраҳмон Сатторовни ўз пайғамбарлари деб кўрган, унга бадал тўлашлари шарт бўлган. Терговчилар фикрича, жамоа айнан аъзолар тўлаган бадал ҳисобига яшаб келган.

"Файзраҳмон Сатторов жамоа аъзоларига тиббий муассасаларга мурожаат қилиш ва ҳар қандай тиббий ёрдам олишни ман қилган. Мактаб ёшидаги болаларга мактабда ўқишни таъқиқлаган. Бу билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари, яъни, билим олиш ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилган", деди Қозон шаҳри прокурори ёрдамчиси Ирина Петрова 1-каналга.

Рейд давомида полиция ходимлари экстремистик қарашдаги экани тахмин қилинган адабиётларни мусодара қилган.

Агар мутахассислар мусодара қилинган адабиётлар экстремистик руҳда эканини исботласа, секта аъзоларига қарши янги жиноий иш очилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG