Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:08

Гулшан Қораева : “Акбарали деган қўшним йўқ”


Қашқадарёлик инсон ҳуқуқи фаоллари Нурали Кўлобов, Гулшан Қораева ва Абдумурод Норбоев.
Қашқадарёлик инсон ҳуқуқи фаоллари Нурали Кўлобов, Гулшан Қораева ва Абдумурод Норбоев.

Ўзбекистон МХХсига қарашли экани айтиладиган “Пресс-уз инфо” Интернет сайтида чоп қилинган мақолада қашқадарёлик инсон ҳуқуқи фаоли Гулшан Қораева ўз уйини “фоҳишахона”га айлантирган, маънавий бузуқ аёл сифатида таърифланади. Гулшан Қораева буни расмийлар томонидан уюштирилган бўҳтон дея атамоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари 35 ёшли Гулшан Қораева “Пресс-уз инфо” Интернет сайтидаги мақола миллий хавфсизлик хизмати унинг телефон сўзлашувларини эшитиши натижасида пайдо бўлганини айтади:

- Буларнинг ҳамишалик иши шундай. Биз ўтган йили пахта теримида суратга олаётганимизда қўлга тушиб қолдик. Болалар меҳнатини мониторинг қилаётган эдик. Булар фотоаппаратни флешкасини тополмади. Ўшанда бир танишим менга ёрдам берган эди. Кейин мен бошқа бир инсон ҳуқуқи фаоли билан телефонда гаплашганимда ҳазиллашиб, "менга биринчи муҳаббатим ёрдам берди" десам, уялмай шуни ҳам ёзиб чиқишибди. Уят борми буларда, телефон сўзлашувларини ёзиб ётишибди( кулади),- дейди Гулшан Қораева.

“Пресс-уз инфо” Гулшан Қораева ўз уйини “притон”га (фоҳишахонага) айлантиргани ҳақида ёзади. Гулшан Қораева таниши билан фоҳишалар ҳақидаги телефон суҳбатларини ёзиб олишгандан сўнг, бу сўзлашувлар унинг ўзига қарши ишлатилганини айтади:

- Ман телефонда гурунг қиламан. Булар мазза қилиб эшитишади ва айлантириб менга қарши ишлатишади. Мани уйим ҳеч қачон притон бўлмаган. Бу ҳукуматнинг менга бўлган туҳмати. Уч нафар фарзандим, оилалиман. Катта фарзандим ногирон эканлигини ҳамма билади. Мен халқ муаммоларини ҳал қилиш учун курашаман ва ҳамма босимлар ва туҳматлар ана шу курашим учун бўляпти,- дейди Гулшан Қораева.

“Пресс-уз инфо” мақоласида Гулшан Қораевага қарши фактлар унинг қўшниси Акбарали деган одамнинг номидан келтирилади. Гулшан Қораева эса бундай қўшниси йўқлигини айтади:

- СНБ (миллий хавфсизлик хизмати-таҳр.) бир неча бор менга ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Мен қатъиян рад қилдим. Энди ана шунақа провокациялар бўлиб ётибди. Менинг қўшниларим ҳаммаси яхши одамлар ва улар орасида Акбарали деган одам йўқ. Бунинг ҳаммаси менинг инсон ҳуқуқи доирасидаги фаолиятимни заифлаштиришга қаратилган. Яқинда уйимнинг дарвозасига кечқурун уятли сўзлар билан уятли расмлар чизиб кетишибди, - дейди Гулшан Қораева.

Гулшан Қораева ўрта-махсус маълумотли тиббиёт ҳамшираси. У 2008 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамитяининг Қашқадарё вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб келади.

Гулшан Қораева ижтимоий-иқтисодий муаммолар, маҳаллий ҳокимлар ва амалдорларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари, болалар меҳнати ҳақида халқаро ташкилотларга ва хорижий ОАВга хабарлар бериб келган.
XS
SM
MD
LG