Линклар

logo-print

Яқин кунларда қирғизистонлик вазирлар ва бошқа ҳукумат амалдорларидан мана шундай тилхат талаб қилиниши мумкин. Бунга рози бўлмаган давлат амалдорларининг истеъфога чиқиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Қирғизистон ҳукумати парламентга тақдим этаётган “Ҳукумат аъзоларининг телефон суҳбатларини тинглаш ва ёзишмаларини ўқишга рухсат бериш” тўғрисидаги қонун лойиҳасида айтилишича, ҳар бир амалдор ўз суҳбатлари назорат қилинишига розилик билдириб, махсус хизматларга тилхат ёзиб бериши керак.

9 август куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жўўмарт Ўтўрбаев жамоатчиликка мазкур қонун коррупцияга қарши кураш мақсадида ишлаб чиқилганини эълон қилди. Бишкек расмийсига кўра, мазкур қонун амалга киритилса, фуқароларнинг ҳукумат тузилмаларига бўлган ишончи янада ортиши мумкин.

-Биз давлат сиёсий лавозимларини эгаллаган амалдорлар ўз ихтиёрлари билан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига телефонларини тинглашга ва электрон ёзишмаларини назорат қилишга розилик билдириб, тилхат ёзиб беришлари кераклиги ҳақидаги қонун лойиҳасини таклиф қилаяпмиз. Албатта, бу қонун фуқаролар ҳуқуқини қайсидир жиҳатдан бузилишига сабаб бўлади, аммо мамлакат ривожи учун биз мана шу қонунни таклиф қилишга мажбурмиз. Бу билан фуқароларнинг давлат тузилмаларига ишончини қайтармоқчимиз, -деди Жўўмарт Ўтўрбаев.

Ҳукуматнинг бу ташаббуси парламентнинг айрим депутатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, депутат Канатбек Исаев бу каби қонунинг қабул қилинишига эҳтиёж борлигини, ўз суҳбатлари ва ёзишмалари назорат қилинишини истамаган амалдорлар истеъфога чиқиш ҳуқуқига эга эканини айтди.

Ҳуқуқ масалалари бўйича таҳлилчи Кубатбек Кўжўналиев эса, амалдорлар суҳбатлари ва ёзишмаларини назорат қилиш коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширмайди, деб ҳисоблайди.

-Бу популистик қадам. Конституцияда фақат жиноятчиларнинг телефонларини тинглаш мумкинлиги аниқ ёзиб қўйилган. Шунипнг учун бу қонун лойиҳаси Конституцияга зид келади. Коррупцияга қарши курашнинг бошқача усуллари бор. Масалан, жорий йилда 81 давлат амалдори солиқ декларацияларида ўз мулклари ва даромадлари ҳақида нотўғри маълумотларни берган. Аммо уларга нисбатан ҳеч қандай жазо қўлланилмади. Агар ҳукумат коррупцияга барҳам беришни истаса, энг аввало мана шу солиқ декларациялари юзасидан тергов бошлаши лозим эди, - деди Кубатбек Кўжўналиев.

Қирғизистон ҳукумати тарқатган маълумотда айтилишича, Жанубий Шарқий Осиё, Жанубий Америка давлатларида амалдорлар суҳбатлари ва ёзишмаларини назорат қилиш юзасидан қонунлар мавжуд. Бишкек расмийларининг иддао қилишларича, Индонезия ва Филлипинда амалдорлар суҳбатлари ва ёзишмаларини назорат қилиш ортидан коррупция даражаси пасайгани кузатилган.

Қирғизғистон парламентининг кузги сессия мобайнида мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG