Линклар

МТС: "Ўздунробита" ҳукуматдаги қароқчилар нишонига айланди


"Ўздунробита" фаолияти тўхтатилиши миллионлаб ўзбекистонликларни алоқасиз қолдирди.

"Ўздунробита" фаолияти тўхтатилиши миллионлаб ўзбекистонликларни алоқасиз қолдирди.

Ўзбекистон расмийлари ўтган ойда фаолияти вақтинча тўхтатилган МТС-Ўзбекистон ширкатини бутунлай лицензиядан маҳрум қилмоқчи. МТС раҳбарияти "Ўздунробита" Ўзбекистон ҳукуматига яқин гуруҳ ҳужумига учраганини айтмоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) Россиянинг МТС ширкатига қарашли “Ўздунробита” (МТС-Ўзбекистон) мобил операторини барча лицензияларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ариза билан Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилди.

“Ўздунробита” лицензиялари шу йилнинг 17 июлида 10 кун муддатга, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 30 июл кунги қарори билан эса, уч ойга тўхтатилган эди.

ЎзАААнинг иддао қилишича, “Ўздунробита”нинг вилоятлардаги шўъбалари гўёки алоҳида лицензия олмасдан, ноқонуний тарзда ишлагани боис ширкат бутунлай лицензиясидан маҳрум этилишга лойиқдир.

МТС ширкати Ўзбекистон расмийлари илгари сураётган айбловларни тутруқсиз, дея атаб инкор қилмоқда.

Оддий қароқчилик

МТС ширкатининг стратегия бўйича вице-президенти Майкл Хеккер Озодликка берган экслюзив интервьюсида “Ўздунробита” Ўзбекистон ҳукуматига яқин гуруҳ томонидан ҳужумга учраётгани ва мақсад ширкатни тортиб олиш эканини таъкидлади.

- Биз ҳужум нишонига айландик, Ўзбекистондаги шўъба корхонамиз – МТС-Ўзбекистон очиқчасига, сурбетларча уюштирилган ҳужум нишонига айланди. Бу кейинги йилларда Ўзбекистонда хориж инвесторларига нисбатан қилинаётган навбатдаги қароқчиликдир. Бунда одатга кўра, қароқчилик одамларнинг ҳибсга олиниши, фаолиятнинг тўхтатилиши, ходимларнинг қўрқитилиши, қалбаки ва тутруқсиз айбловларнинг илгари сурилиши каби усуллар билан амалга оширилмоқда. Мақсад эса бизнесни вайрон қилиб, уни эгаллаб олишдир, дейди Майкл Хеккер.

МТС бу муаммолар ортида ҳукуматга яқин нуфузли кишилар турганини билади, лекин ҳозирча бу хусусда ортиқча тафсилотларни бериш фурсати эмас, дея қўшимча қилади у.

МТС вице президенти шунингдек ширкатнинг Ўзбекистондаги ходимлари кундалик равишда тазйиқларга учраётгани ва улардан ширкатни ноқнуний фаолият олиб борганликда айбловчи қалбаки кўрсатмаларни имзолаш талаб қилинаётганини айтади.

- Ходимларимиз ҳар куни сўрққа чқаритирилади. Биз ёллаган адовкатларга сўроқда иштирок этиш имкони берилмаяпти. Терговчилар чиқиб, бу одамлар билан беш дақиқа гаплашиб олишимиз керак, деган баҳоналар билан уларни бир неча соатга олиб кириб кетишади. Кейин ходимларимиз чиқиб, терговчилар уларни систематик тарзда қўрқитишгани, қўлларига кишан солинган одамларнинг расмларини кўрсатиб, мана бу нарсага иқрор бўлмасанг, сенинг бошинга ҳам шундай кунлар тушади, қабилидаги таҳдидлар бўлганини гапириб беришмоқда, дейди МТС расмийси.

Унинг айтишича, “Ўздунробита”нинг бир нечта ходимидан паспортлари олиб қўйилган.

Миллионлар алоқасиз қолди

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кета бошлади.

МТС вице президенти “Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши нафақат ширкат учун иқтисодий зиён келтиргани, балки Ўзбекистонинг ўзида ҳам жиддий муаммолар пайдо қилганини қайд этади.

- Бирданига ҳар куни камида ярим соат вақтини алоқада ўтказадиган 9,5 миллион абонент алоқасиз қолдирилди. Ўзбекистондан келган хабарлардан бунинг ижтимоий ҳаёт учун салбий оқибатлари бўлганини биламиз. Бизнес оламида қийинчиликлар туғилди, одамлар шифокор ёки бошқа ижтимоий хизмат идоралари билан алоқадан узилди, узоқ қишлоқларда яшайдиган аҳоли ҳам марказий шаҳарлар билан алоқа қила олмай қолди, дейди МТС вице президенти Майкл Хеккер.

“Ўздунробита” Ўзбекистон расмийлари кейинги икки-уч йил ичида ёпиб қўйган ягона хорижий ширкат эмас. Oxus Gold, Туркуаз, Spentex, Metal-Tech ва бошқа хорижий инвесторлар Ўзбекистонда юзлаб миллион долларлик бизнесидан ажради.

Хорижий инвесторлар бунинг ортида мамлакат ҳукумрон элитаси турганини айтишади. Улар Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро арбитраж судига шикоят билан мурожаат қилган.

1991 йилда фаолият бошлаган “Ўздунробита” ширкати 90-йиллар охирларида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Гулнора Каримова “Ўздунробита”ни МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

Воқеани кузатаётган баъзи манбалар Ўзбекистон элитаси “Ўздунробита”нинг бир миллиард долларга етиб қолган активларини тортиб олмоқчи, деган тахминларни илгари сурмоқда.

Майкл Хеккер вужудга келган вазият “ширкатнинг тўлалигича тортиб олинаётганига ишора қилмоқда” дейди.

- Мен президентга яқин шахслар, оиласи аъзолари, Ўзбекистон ҳукмрон элитасидаги нуфузли шахслар ҳақида саноқсиз иддаоларни келтиришим мумкин. Лекин бу ҳозирча биз очиқ илгари сурмаётган иддаолар холос. Лекин Ўзбекистон ҳукумат идоралари – прокуратура, назорат қилувчи идораларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида аниқ айтишимиз мумкин. Бу ҳаракатлар мувофиқлаштирилган ва систематик тарзда амалга оширлимоқда, дейди МТС вице президенти.

МТС-Ўзбекистон муаммолари июн ойида “Ўздунробита” бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочиб кетгани тўғрисидаги хабарлар ортидан пайдо бўлди. Майкл Хеккер МТС раҳбарияти Ахмедовнинг кейинги тақдиридан бехабар эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Беҳзод Аҳмедовни молиявий қаллобликларда айблаб, халқаро қидирувга берган.

Ўзбекистон расмийлари ўтган ҳафта “Ўздунробита”га нисбатан навбатдаги айбловларни илгари суриб, ширкат давлатга 80 миллион АҚШ доллари миқдорида келтирган зарарни қоплаб бериши лозимлигини таъкидлади.

Ҳозирда, МТС расмийсининг айтишича “Ўздунробита” ширкатининг юқори ва ўрта даражадаги тўрт нафар менежери қамоқда қолмоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг “Ўздунробита” мобил операторини барча лицензиялардан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризаси 13 август куни Тошкент шаҳар хўжалик судида кўриб чиқила бошлайди.


YouTubeда тинглаш

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG