Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:38

“Насрулло бобой” ўзи ким?


Ўзини "Худонинг ёрдамчиси" деб атаётган “Расул-бобой” диний таълимни Бухоро ва Тошкентда олган.
Ўзини "Худонинг ёрдамчиси" деб атаётган “Расул-бобой” диний таълимни Бухоро ва Тошкентда олган.

Қозон шаҳар прокуратураси ўзини “Оллоҳнинг расули” деб эълон қилган 83 ёшли Файзраҳмон Сатторов ва у бошқараётган сектанинг яна уч аъзосини жиноий жавобгарликка тортди. Болаларга ғайриинсоний муносабатда бўлганлик ва ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланаётган “Расул-бобой” ўз диний фаолиятини Ўзбекистонда бошлагани айтилмоқда.

Секта аъзолари жавобгарликка тортилди

Қозон шаҳрининг Торфяная мавзесида жойлашган “файзраҳмончилар” исломий жамоасига қарашли уйларда полиция тинтуви ўтказилди. Секта аъзолари Татаристонда 19 июл куни маҳаллий имомларга қарши уюштирилган террорчилик ҳужуми юзасидан текширилди.

70 кишилик жамоадан 19 нафари вояга етмаган болалар бирор марта тиббий кўрикдан ўтмагани, мактаб ёшидагилари умуман мактабга бормагани, жамоа аъзолари ҳовлидан ташқарига чиқиши қатъиян ман этилгани аниқланганидан кейин маҳаллий ижтимоий таъминот ходимлари полиция ёрдамида уларни болалар уйлари ва шифохоналарга тарқатди.

Қозон шаҳар прокуратураси исломий жамоа раҳбари – 83 ёшли Файзраҳмон Сатторовга экстремистик фаолият юритаётганлик тўғрисида огоҳлантириш берди. Прокуратура ўзини “Оллоҳнинг расули” ва “Оллоҳнинг ёрдамчиси” деб атаётган Файзраҳмон Сатторовни РФ Жиноят Кодексининг 330-моддаси 1-қисми (ўзбошимчалик) асосида жавобгарликка тортди.

Қозон шаҳар прокурори Илдус Нафиков журналистлар олдида қилган чиқишида диний ташкилот ноқонуний фаолиятини давом эттирса, мажбуран тарқатиб юборилади, дейди.

- Биз жамоага қарашли барча ноқонуний бинолар ва катакомбаларнинг бузилиши масаласи билан судга мурожаат қиламиз. Шунингдек, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланиши лозим, болалар ўқиши ва таълим олиши зарур, дейди Қозон шаҳар прокурори Илдус Нафиков.

Прокурор берган маълумотоларга кўра, Торфяная кўчасидаги уч қаватли бинонинг таги чуқурига саккиз қават қилиб кавланган 30та хонадан иборат бўлган.

Рейд давомида полиция ходимлари татар тилидаги, асосан жамоа етакчиси қаламига мансуб мингга яқин адабиётни мусодара қилган ва экспертизага юборган.

Оёқдан қолган ва Паркинсон касалига мубтало бўлган 83 ёшли жамоа раҳбари Файзраҳмон Сатторовни олиб кетгани келган полиция секта аъзоларининг кескин қаршилигига учради.




“Насрулло бобой”ми “Расул бобой”?

Маълум бўлишича, Файзраҳмон Сатторов Бошқирдистон маркази Уфада 1929 йилда туғилган.

Сатторовни шахсан таниган ва бир пайтлар ундан диний таълим олган Қозон шаҳар қозиси Маҳмуд хазрат Шарафуддиннинг айтишича, у собиқ совет давридан бери Татаристонда таниқли диний арбоблардан бири бўлган, лекин негадир кейинчалик мусулмон жамоасидан хафалашиб қолган.

- Мен шахсан у одам билан танишман. “Муҳаммадия” мадрасасида ўқиб юрганимда у киши билан танишиб, уларнинг ғояларини ўрганмоқчи бўлгандим. У ҳақиқатан мустаҳқам диний билим олган. Бухорода “Мир Араб”да 7 йил таҳсил олган, кейин яна икки йил 1964 йилгача Тошкент мадрасасида ўқиган, дейди Қозон қозиси.

Шу даврдан Сатторов Оллоҳ томонидан юборилаётган нурларни кўра бошлаганини гапириб келади. Ўзбекистонда диний таълим олиб қайтган Сатторов Ленинградда, Ростов-Донда, Уфада, Октябрскийда имомлик қилган.

1970 йилда ўша вақтдаги СССРнинг Европа қисми ва Сибир диний бошқармаси (ДУМЕС) муфтийси Шокир Ҳилолиддинов Файзраҳмон Сатторовни ўзига ўринбосар қилиб таклиф этади. 1972 йилда Сатторов ДУМЕСнинг бош қозиси вазифасини бажара бошлайди.

- Бир вақтлар бу киши Россия муфтийси сайловларида ўзининг номзодини қўйган эди. Ўшанда номзодлардан Тожиддин, Саматовлар ҳам ўз номзодини қўйган эди. “Насрулло бобой” ўзини энг ақлли, билимли ҳисоблаб муфтий бўлишни жуда хоҳлаган, сайловда уни сайлашмагандан кейин ҳамма билан хафалашиб қолди ва тарки дунё қилишини айтди. Шу даврдан бошлаб, яъни 80 йиллар охирларидан, Сатторов ўзининг диний матктабини ташкил этди ва аввалига ўзини “Насрулло” деб атай бошлади. Охирги беш-олти йил давомида у ўзини “Расули Оллоҳ”деб аташни буюрган, дейди Маҳмуд хазрат.

Қози Маҳмуд Шарофиддиннинг айтишича, собиқ иттифоқ даврида ягона исломий таълим бериладиган ўқув юртлар Ўзбекистонда жойлашгани туфайли Қозонда ва умуман Россияда диний билимга эга уламолар етишмовчилиги сезилиб турган.

Файзраҳмон Сатторов ўз даврида бошқаларга нисбатан билими юқори имомлардан бўлган ва ўнинг ортидан эргашувчилар сони ҳам жуда кўп бўлган, дея давом этади қози Маҳмуд хазрат.

- Эсимда, унинг маърузаларини тинглашга 200га яқин одам йиғиларди, ўша даврда у жуда катта нуфузга эга бўлган, лекин кейинчалик ундан деярли барча тарафдорлари юз ўгирди. У билан бирга қатъий назорат остида бўлган мана шу жамоа қолди. У яқинда охири замон бўлиши, жамоага аъзо ҳақиқий “мўмин”лардан ташқари барча “кофирлар” эса охири замон келиши билан йўқ бўлиб кетишини 20 йилдан бери айтиб келади. Сатторов шогирдларини узун соқол, салла ва маҳаллий мусулмонлардан фарқли кийимлари ажратиб туради. Ташқи дунё билан улар мутлақо алоқага киришмайди, нима билан тирикчилик қилиши ҳам номаълум, дейди Қози Маҳмуд Шарофиддин.

Қози Маҳмуд Шарофиддин араб ва ўзбек тилини мукаммал билган Файзрахмон Сатторов сектасига ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам кирганини Озодликка тасдиқлаб, шундай дейди.

- Бухорода таҳсил олгани сабабли ўзбек тилини яхши билган, араб тилини билган. Ўз атрофига йиллаб бирга умр кечирган одамларни йиға бошлаган. У ўзининг фақирлиги билан кўплаб тарафдор жамлаган, “Қаранг ҳақиқий имом қандай яшаши керак” дея яшаган. Файзраҳмон бобо яхши амалли, яхши сўзли, яхши муносабатли бўлганда, ўзини бошқаларга қарши қўймаганда эди, унинг тарафдорлари бунданда кўп бўлиши мумкин эди. Менимча, одамларнинг бундай оқим ва секталарга аъзо бўлиши биринчи навбатда уларнинг билимсизлигидан келиб чиқади, дея якунлади Қозон шаҳар қозиси Маҳмуд хазрат Шарафуддин.
XS
SM
MD
LG