Линклар

Эсингизда бўлса, ўтган галги фоторепортажимда Қозон вокзали ëнидаги "Комсомолская" метро станциясида регистрация қилиб беришни таклиф қилаëтганларни учратганим ҳақида ëзган эдим.

Бундай ишбилармонларни бу ерда ҳам учратдим. Улар русчада жуда яхши сўзлашади, қурилишда "тер тўкиш"ни хоҳламаслиги шундай кўриниб туради.

Ëш йигитларнинг симëғочга реклама ëпиштираëтганига кўзим тушди. Ҳозир Россияда регистрация жуда жиддий масала. Мигрантларни ўз уйига регистрация қилаëтганларни жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутвчи қонун жорий қилингач, "саховатпешалар"ни топиш қийинлашиб қолди.

Питерда димоғингизга қовун ҳиди урилади, аммо сотувчилар озарбайжон. Совет замонидан бери Россиядаги бозорлар уларнинг қўлида.

Аввалги йиллар билан солиштирганда Питерда бизникилар анча кўпайган. Ўзбекларнинг қурилишда ишлайдиганларидан ташқари бозорда сотувчилар, ошпазлар, миллий таомлар кафе ва ресторанларини очганлар бор.

Аëлларни ҳам учратдим. Совет даврини ҳам кўрган бу аëллар "Каримов болалари"дан фарқли равишда тил билишади ва бу жуда катта аҳамиятга эга.



Тўғрисини айтсам, уларга раҳмим келди. Уй бекаси бўлиб неваралар тарбияси билан шуғулланиш ўрнига метро станциялари ëнида реклама қоғозларини тарқатиб юришибди.

Аëллардан биттасининг айтишича, у 20 минг рублдан кўпроқ пул топади. Яна овқат беришаркан, кийим беришаркан. Аëлларнинг кўпчилиги Андижондан.

Ўзимизникиларни оиласи билан кўриш жуда ëқимли. Масалан, самарқандлик оила пойафзал фабрикасида ишларкан, болалари эса мактабда ўқийди. Бундайларга қаршилик йўқлигига менинг ишончим комил.

Самарқандлик бу оила ўғлига суннат тўй қилиш учун кетиш ниятида экан.

Мен учратган ëши катта аëлларнинг ҳам тўй учун пул йиғаëтганига ишончим комил.

Мана шуни мен ҳеч ҳам тушунмайман. Бизнинг миллат қачон ўзини яхши кўришни, "қўшнидан кам бўлмаслик" комплекси билан яшамасликни ўрганаркан?

Ëки биз кўчадаги шиорда айтилганидай "ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз" керакми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG