Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Хивада "Муҳаммад" ёзувли қовун пайдо бўлди


Хивалик Шокирбек Матниёзов қўшнисидан сотиб олган қовунни маҳалладаги диний уламолар ҳам кўриб унда ҳақиқатдан арабча ёзув борлигини ва бу ёзув арабча “Муҳаммад” деган хулосага келишган.

Рамазон ойининг бошлари, хивалик Шокирбек Матниёзов қўшнисидан сотиб олган қовунни сўйишга чоғланган пайт қовун пўстлоғидаги қандайдир араб ёзувга ўхшаш тасвирга кўзи тушади.

Шокирбек қовунни дарҳол "эскичадан" хабари бор дадасига кўрсатади. Дадаси қовунни пўстлоғидаги ёзув Муҳаммад Алайҳиссалом бўлса керак, деган ишончда уни сўйишмайди.

Ота-ўғил қовунни маҳалладаги диний уламоларга ҳам, Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси мулласи Собиржон отага ҳам кўрсатишади.

Хивадаги Пахлавон Маҳмуд мақбараси мулласи Собиржон ота Озодлик билан суҳбатда қовунни кўргани ва ҳақиқатан ҳам қовун пўстлоғида арабча ёзув борлигини тасдиқлайди.

– Рўза ойи бошлари эди, ифторга шошиб турган эдим, қовун олиб келишди. Қарасам қовунни тўрини ичида шунақа ёзув алоҳида кўриниб турибди. Энди буни ортида қандай сир-синоат бор, бирон нарса дейишим қийин,- дейди Собиржон ота.

Шокирбек Матниёзов қовунни Огаҳий жамоа хўжалигидаги қўшниси Аллабергандан сотиб олган.

Ҳозир Шокирбекнинг оила аъзолари қовунни емасдан, асраб қўйгани, унинг суратини улар Ўзбекистон мусулмонлар идорасига юборишгани айтилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси котибияти вакилларидан бири қовун ҳақида хабар топганликлари, яқин фурсатда ўрганиб, ўзбек уламоларнинг мулоҳазалари muslim.uz сайтида эълон қилиниши мумкинлигини айтди.

Қовуннинг фотосуратида араб тилида Муҳаммад сўзини ўқиш мумкин, лекин қолган шакллар аниқ кўринмагани боис бу ҳақда аниқ бир тўхтамга келиш қийин.

Қовунни кўрган хивалик Сардор ҳам шу фикрда.

- Қовунни кўрдим. Энди арабча ёзувлар аниқ бир шаклга эга бўлмагандан кейин, у ёққа тортса ҳам бўлади, бу ёққа торса ҳам. Шунинг учун мен бунақа нарсаларга ишонмайман,- дейди хивалик Сардор.

Бу каби ҳолат биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Аввалроқ, Фарғона вилоятида қорнига арабча “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” ёзувига ўхшаш тасвир тушган қўзичоқлар дунёга келган.

Тўрт йил аввал эса Нигерияда арабча "Аллоҳ" ва "Муҳаммад" сўзлари битилган мол гўшти парчасини ресторанга овқатланиш учун кирган Бирнин Кебби исмли шахс ўз ликопчасида топган эди.

"Бирнин Кебби гўштни оғзига солишга чоғланган пайти бирдан ундаги ёзувларга кўзи тушган. Ошхонадаги қолган гўштлар ҳам текширилганида айни шундай сўзлар битилган яна учта гўшт парчаси топилган.

Ресторан ходимлари "Аллоҳ" ва "Муҳаммад" ёзувлари бўлган гўшт парчасини сақлаб қўйишган ва ҳозирда ресторанга овқатлангани келганларга намойиш этишмоқда.

Гўштни сақлаш мумкин, лекин, қовунни узоқ сақлаб бўлмайди. Айниқса, Хоразм қовунлари тез бузилади.

- Ё уни ейиш керак, ё бўлмаса чириганда отиворишга тўғри келади, – дейди хивалик Сардор.
XS
SM
MD
LG